26 фев 10:11
Янгиликлар
UFC Fight Night 220: Оқшомнинг марказий жанги муддатидан аввал якунланди
UFC Fight Night 220 оқшомининг марказий жанги ўрта вазн тоифасида ўтказилиб, унда Андре Муниз Брендан Алленга қарши октагонга кўтарилди. Аслида бу тўқнашув турнирнинг ко-мэйнивент жанги мақомида бўлиши керак эди.
Марказий жанг иштирокчиси, россиялик яримоғир вазн тоифаси вакили Никита Криловнинг соғлиғида муаммо юзага келгани сабабли, унинг америкалик Райан Спэннга қарши жанги бир неча соат қолганида бекор қилинди. Натижада Андре Муниз иштирокидаги ко-мэйнивент жанги марказий баҳсга айланди.
Уч раундга белгиланган жанг якунига 35 сония қолганида тўхтатилди. Аллен рақибини бўғиш усули билан мағлубиятга учратди. Ко-мэйнивент жангида эса бразилиялик оғир вазн тоифаси вакили Аугусто Сакай америкалик ДонТэла Майсдан очколар ҳисобига кўра устун келди. Бу билан у кетма-кет 4 та мағлубиятли сериясига чек қўйди.
Қолган натижаларга тўхталадиган бўлсак, узоқ муддат - тўрт йиллик танаффусдан сўнг октагонга қайтган Татьяна Суарес иккинчи раундда Монтана Де Ла Росадан устун келди. Тожикистонлик биринчи UFC жангчиси Нурулло Алиев дебютини ғалаба билан нишонлади. У Рафаэль Алвесни очколар ҳисобига кўра таслим этди.
Шунингдек, бугунги оқшомда Майк Мэлотт, Тревор Пик, Жордан Ливитт ва Жо Солекилар рақибларини муддатидан аввал мағлубиятга учратишди.
Фикрлар