08 янв 20:38
Янгиликлар
Йил адолатсизлиги: дунёнинг энг зўр жангчиларидан бири Василий Ломаченко ҳалигача камарларини қайтара олмади
Шу ўринда Токио Олимпиадасида опа-сингил Авериналар билан бўлган воқеани, Лионель Мессининг “Олтин тўп” учун овоз беришдаги ғалабасини ва Пётр Яннинг Алжемейн Стерлинг билан жангда кутилмаган тарзда унвондан маҳрум бўлганини эслаш мумкин. Албатта, бокс оламида ҳам баъзида адолатсизлик бўлган. Бу дунёдаги энг яхши боксчилардан бири Василий Ломаченкога нисбатан ҳам аниқ намоён бўлди.
Накатани билан жанг
Украиналик боксчи учун йил жуда оғир бошланди. 2021 йилнинг дастлабки ойларида у елкасидаги навбатдаги жарроҳлик амалиёти ва тикланиш жараёнини ўтказди. Бу орада журналистлар ва медиа оламидан бутунлай ғойиб бўлди. Маълумки, 2020 йил Теофимо Лопесдан учралган мағлубият Ломаченконинг фаолиятига катта таъсир ўтказди. Ғалабадан сармаст бўлган Лопес реваншга рози бўлмади ва бунга Ломаченконинг депрессияда эканлигини "баҳона" қилди.
Умуман олганда, Василийнинг мухлисларида ташвишланиш учун сабаблар бор эди. Шунга қарамай, 2021 йил баҳорда у кейинги жангни Масаёши Накатани билан ўтказиши аниқ бўлди. Устига-устак, бу қайтиш учун яхши танлов эди. Чунки япониялик боксчи бир вақтлар Теофимо Лопес билан ажойиб жанг ўтказиб, уни фаолиятида биринчи марта 12 раунд тер тўкишга мажбур қилган. Шундай қилиб, бу энг яхши вариант эди.
Рақибидан фарқли ўлароқ, Василий Накатанининг имкониятларини тўғри баҳолади ва Масаёшини жуда кўп қучли зарбалар билан "савалади". Бешинчи раундда Лома япониялик рақибини нокдаунга учратди. Тўққизинчи раундга келиб ҳакам украиналик боксчи фойдасига жангни тўхтатди. Шу тазда Ломаченко ажайиб қайтишни амалга оширди.
Ричард Комми билан тўқнашув
2021 йилнинг декабрида Василий иккинчи жангини хам ўтказди. Унинг рақиби собиқ жаҳон чемпиони, Теофимо Лопеснинг яна бир эски рақиби Ричард Комми эди. Лома бу жангга бутунлай бошқача кайфиятда борди. Биринчидан, июнь ойида Накатани устидан қозонилган ғалаба Василийнинг ҳали ҳам олдинги даражада эканлигига ишонч уйғотди, иккинчидан, Комми билан жангдан бир неча ҳафта олдин енгил вазн тоифасида ҳақиқий сенсация бўлди. Теофимо Лопес биринчи чемпионлик ҳимоясидаёқ муваффақиятсизликка учради. Америкалик боксчи Жорж Камбососга ютқазди ва барча унвонларини бой берди.
Биз ҳаммамиз инсонмиз ва Ломаченко учун Лопес каби нохуш рақибнинг омадсизлиги Василийнинг кайфиятини кўтармай қолмаслигини биламиз. Ломаченко олдига шунчаки ғалаба қозониш вазифаси қўйилди ва шундан сўнг унвонлар учун курашда ҳаммаси яхши бўлишига умид боғланди.
Ўз навбатида, Ломаченко ҳамма нарсани аъло даражада бажарди. Комми билан бўлган жанг воқеалари ҳали унитилгани йўқ. Ричард мағлуб бўлди. Аммо титул жанглари нуқтаи назаридан, ҳеч нарса аниқ эмасдек гўё ва Ломаченкога нисбатан бўлган асосий адолатсизлик хам шунда эди.
Камбосос Ломаченко билан жанг қилишни хоҳламайди
Йилнинг асосий сенсацияси муаллифи Жорж Камбосос ўз мақсадларига ҳали 100% ойдинлик киритмаган. Фақат бир нарса аниқ - у мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун биринчи ҳимоясини Австралияда ўтказмоқчи. Аммо рақиб ким бўлиши номаълум. Янги чемпион барчани хурсанд қилишга уринаётган кўринади. У Давин Хейни ҳақида ҳам, Василий Ломаченко ва Жервонт Девис ҳақида ҳам гапиради.
Аммо, Лопес устидан қозонилган ғалабадан кейинги интервьюларида Жорж украиналик боксчи ҳақида умуман гапирмади ва шу билан у умуман жанг қилишни хоҳламаслигини аниқ кўрсатди.
Камбосос учун яхши вариант - Хейни билан жанг. Биринчидан, иккала жангчи ҳам DAZN билан ҳамкорлик қилади, яъни уларнинг жангини ташкил қилиш осонроқ бўлади. Иккинчидан, холис нуқтаи назардан, Хейни 33 ёшли украиналик боксчидан кўра кўпроқ Камбососни рақиб сифатида кўради.
Аслида, Камбосос катта эҳтимол билан украиналик боксчи деярли барча йўналишда биринчи рақамли даъвогар эканлигини англаб, Ломаченко билан жанг ҳақида гапира бошлади. Хейнининг ягона афзаллиги шундаки, WBCнинг ғалати ташаббуслари туфайли ташкилотда энди иккита жаҳон чемпиони бор ва барча расмий муаммоларни бартараф этиш учун Хейни ва Камбосос ўртасидаги жанг қизиқарли бўлиши аниқ.
Нима булганда хам, буларнинг барчаси 2021 йилда биз боксдаги адолатсизликни кўришимизга олиб келди. Сайёрадаги энг яхши боксчилардан бири Василий Ломаченко жаҳон чемпиони унвонисиз қолмоқда.
Кейин нима бўлади?
Бу энг қизиқ савол. Бир томондан, Василий WВC ва WВО версиялари бўйича рейтингларда биринчи ўринни эгаллаб турибди, демак у аслида унвонга даъвогар. У, шунингдек, WВА рейтингида тўртинчи ва IBF рейтингида бешинчи ўринларда бормоқда.
Умуман олганда, Ломаченко ҳар қандай камарга мурожаат қилиши мумкин. Аммо, юқорида айтиб ўтилганидек, WВC Хейни ва Камбосос ўртасидаги жангга қарши эмас. Шундай қилиб, умид WВОда қолади. “Тор Rank” Василий учун ушбу чемпионлик жангини ўтказишга ҳаракат қилишини таъкидлайди. Аммо барча камарларлар бир кишининг қўлида тўпланганлигини ҳисобга олсак, буни Камбосос ва Хейни жанги олдидан ташкил қилиш мумкин эмас. Ҳаммаси мураккаб тус олган.
Бир нарса аниқ: Жорж ва Девин ўртасидаги эҳтимолий дуэль қандай якун топмасин, унинг ғолиби энди Ломаченкодан қочиб қутула олмайди. Ягона савол шундаки, Василий Камбосос ва Хейни ўртасидаги дуэлнинг ташкил этилишига тўсқинлик қила оладими ёки йўқми? Ёки у 8-10 ой давомида жангсиз қолиб кетиш хавфи борми? Умуман олганда, энди уни мағлубиятга учратиш мушкул.
Келинг, 2022 йилда Василий ўзига булган адолатни тиклаши ва жаҳон унвонларини боши узра кўтаришини кутиб қоламиз.
Championat.com сайти асосида Камрон Ҳасанов тайёрлади
Фикрлар