25 дек 14:33
Янгиликлар
Йилнинг энг, энг, энг яхшилари: Усик энг яхши боксчи, Фьюри - Уайлдер йилнинг энг даҳшатли жанги ва бошқалар
2021 йил кўплаб қизиқарли натижалар, супернокаутлар ва кутилмаган воқеаларга бой бўлди.
Биз эса йилнинг энг, энг, энг яхшиларини аниқлашга ҳаракат қиламиз.
Йил боксчиси: Александр Усик
Бу ерда ҳеч қандай савол бўлмаса керак. Чунки Усик йил давомида иккита жанг ўтказди ва ҳар иккисида ҳам ўзидан кутилгандан-да аъло ҳаракат қилди. Украиналик боксчи биринчи жангда Дерек Чисорани мағлуб этди ва иккинчи жангида оғир вазн "титан"ларидан бири ҳисобланган - Энтони Жошуага қарши рингга кўтарилди. Жанг тўлиқ 12 раунд давом этди ва ҳар бир раундда Усик ўзининг устунлигини кўрсатиб, чемпионлик камарини қўлга киритди. У Эвандер Холифилддан сўнг биринчи оғир вазнда мутлақ чемпионликни қўлга киритганидан кейин супероғир вазнда чемпион бўлган иккинчи боксчига айланди. Шунингдек, унинг чемпионлиги учун атиги учтагина жанг етарли бўлди. Шунингдек, бу йўналишга Сауль Альваресни ҳам қўйиш мумкин эди. Усик ўзи учун янги вазнда энг зўрларни мағлуб этди ва шуниси билан ҳам мексикаликдан устунроқ бўлди.
Йил жанги: Тайсон Фьюри - Деонтей Уайлдер III
Бу танлов энг қийин бўлган номинациялардан бири. Чунки йил давомида жуда кўп "бомба" жанглар бўлди. Бироқ кўплаб мухлислар ва экспертларнинг фикрича, айнан Тайсон Фьюри - Деонтей Уайлдер III жанги энг зўри бўлди. Жангнинг ўзи тепаликнинг чўққиси бўлди. Жангдан аввал ҳам, жангнинг ўзида ҳам боксчилар ҳақиқий "уруш" намойиш этиб беришди. Уларнинг жанглари Али - Фрейзер трилогияси каби эсланиши аниқ. Лас-Вегас анча вақтдан бери бундай даҳшатли жангларни кўрмаганди. Жанг давомида устунлик икки томонда ҳам бўлди.
Тўқнашувда битта бокс жанги учун бўлиши лозим бўлган барча ҳодисанинг гувоҳига айландик. Йил давомидаги бошқа жангларга ҳурматни сақлаган ҳолда трилогия энг зўри бўлди.
Йил нокаути: Жейк Полнинг Тайрон Вудлига қарши иккинчи жанги
Бу ерда ҳам кўпчиликнинг ўз шахсий фикри ва қараши бўлиши мумкин. Бироқ Жейкнинг олтинчи раундда йўллаган зарбаси, шунчаки "пушка" эди. Зарба ва Вудлининг чироғи "ўчди". Блогер учун ажойиб зарба. Зарбанинг йўлланиши ва рақибнинг ушлаш шунчаки ТОП!
Йил воқеаси: Сауль Альвареснинг мутлақ жаҳон чемпиони бўлиши
Аниқ ҳисоб-китобга кўра, мексикалик юлдузга барча камарларни бирлаштириш учун 11 ой етарли бўлди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Сауль суперўрта вазнга ёриб кирди ва Каллум Смитдан чемпионлик камарини тортиб олди, ноябрда эса барча камарларни бирлаштирди. Каллум Смит, Билл Жо Сондерс, Калеб Плант: бу номларга қарши ҳамма ҳам жанг қилишни истамаган бўларди, бироқ Сауль Альварес ўзининг тарихини ёзишда давом этди ва у яна бир бор тарихнинг энг зўрлардан бири эканлигини исботлашга ҳаракат қилди. Сауль Альварес келаси йил энди яримоғир вазнни "гуллатишга" ҳаракат қилади.
Йилнинг кутилмаган натижаси: Камбосос Лопесни мағлуб этиши
Бир йил аввал ҳам бу номинацияда Теофимо Лопес иштирок этганди, ўшанда у Ломаченкони мағлуб этганди. Бу сафар эса аксинча. Уни кутилмаганда мағлуб этиб қўйишди. Жанг бошида кўпчиликнинг фикрича айнан Лопес ғалаба қозониши лозим эди, бироқ... янги зеландиялик Камбосос барчага қарши чиқди ва ўн икки раунд давомида чемпионни "савалади".
Йил қайтиши: Василий Ломаченко
Кўпчилик Ломаченко Лопесдан учралган мағлубиятдан сўнг аввалги ҳолига қайта олмайди деб ўйлади. Бироқ украиналик боксчи барчанинг фикри хато эканлигини амалда исботлаб берди. У йил давомида Накатани ва Коммига қарши рингга кўтарилди ва икки баҳсда ҳам рақибларига "дарс" ўтди. Лома айни дамда нафақат энг кучли техника соҳиби, балки энг кўп ҳужумга ўтадиган боксчига ҳам айланди. Унинг бу йилги зарбаларининг тенг ярми аниқ манзилга етиб борди. Бу кўрсаткич бўйича украиналик дунёда биринчи рақамли бўлиб турибди.
Йил мураббийи: Юрий Ткаченко
Ҳа, бу ном кўпчилик учун нотаниш бўлиши мумкин. Бироқ айнан шу инсон йилнинг энг яхши боксчиси Александр Усикнинг мураббийи ҳисобланади. Усик йиллар давомида кўплаб мураббийлар билан ишлади, бироқ айнан Ткаченко унга жуда мос тушди. Улар биргаликда Энтони Жошуани ажойиб тарзда тўхтатишга эришдилар.
Фикрлар