17 авг 18:03
Янгиликлар
«Бу ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин». Камшибек Конкабаев Олимпиада ярим финалидаги ҳакамлик, Баҳодир Жалолов ва Париж Олимпиадаси ҳақида гапирди
Оlamsport.com сайти интервьюни ўзбек тилида сизга ҳавола қилади.
- Камшибек, ярим финалда ғалаба қозонишингизга нима тўсқинлик қилди?
- Менимча, тактик хатоларга йўл қўйдим. Биринчи раундда устунлик мен томонда эди, лекин раунд америкаликка берилди. Шунинг учун менга ғалаба қозониш учун рақибидан икки бош баланд бўлиш кераклиги аниқ бўлди, акс ҳолда улар ғалабадан воз кечишмайди. Бошқа томондан, тактикани ўзгартирмаслик ҳам мумкин эмас эди - агар мен ҳам худди шундай ишлаганимда ва раундлар Торрес томон кетадиган бўлса, мен бирор нарсани ўзгартиришга уринмаганим учун афсусланардим. Мен ғалаба қозониш учун рингда бор кучимни берганимга ишонаман.
- Россиялик мутахассислардан бири таъкидлаганидек, рақибингиздан яхшироқ ҳаракатланган биринчи раундда сиз узоқ масофадан жанг қилдингиз. Жангнинг иккинчи бўлимида тактикани қандай ўзгартирдингиз?
- Эҳтимол, худди шундай ҳаракат қилишни давом эттиришим керак эди, лекин мен биринчи рақам сифатида ишлашга қарор қилдим. Иккинчи раунднинг бошида мен Торресни зарба билан қалқитиб қўйган бўлсам ҳам, уни енга олмадим. Орқага назар ташласак, менимча, биринчи раунддагидек ишлаш мумкин эди.
- Учинчи раундда ҳакамлар жароҳат олганингиз учун жангни тўхтатдилар. Сиз бу қарорга қўшиласизми? Жангни давом эттиришга тайёрмидингиз?
- Албатта, мен яна жанг қилишга тайёр эдим. Учинчи раундда мен узоқ масофадан кўпроқ ишладим. Лекин ўзингиз кўрдингиз, жароҳат кучли эди. Ҳакамлар спортчининг соғлиғини биринчи ўринга қўйишди. Шунинг учун биз ҳакамнинг қарорига ҳеч қандай изоҳ бера олмаймиз.
- Жанг олдидан Ричард Торреснинг кучли томонларини таҳлил қилдингизми?
- Албатта. Биз унинг жангларини мураббийлар билан бирга кузатдик. Америкалик кучли боксчи, Панамерика ўйинлари чемпиони. Олимпиадада осон рақиблар йўқ. Мен Осиё чемпионатида, жаҳон чемпионатларида иштирок этганман - худди Олимпиадада худди ўша рақиблардек туюларди, лекин Олимпиада медаллари учун курашга келадиган бўлсак, боксчиларнинг қарашлари умуман бошқача, улар рингда ўлишга тайёр кўринади. Бу Олимпиада ва бошқа турнирларнинг фарқи. Барча боксчилар ғалаба қозониш учун бор кучларини беришади.
Торрес кучли боксчи, чапақай, темпли, жуда кўп зарба беради, жисмонан кучли. Мен уни мағлуб қила оламан деб ўйладим. Биринчи раунд америкалик томонига ўтгач, ниманидир ўзгартириш керак эди. Мен иккинчи раундни яхши бошладим, ҳатто рақибимни қалқитиб ҳам юбордим, лекин раундни шундай якунлай олмадим. Менга психология нуқтаи назаридан ҳам роль ўйнаган огоҳлантириш берилди. Менга нима учун огоҳлантириш берилганини тушунмадим. Бу қўшимча босим эди. Учинчи раундда мен тайёргарлик кўрдим, лекин жароҳат туфайли жангни тугата олмадим. Ким билади, агар жароҳати бўлмаганида, эҳтимол жанг бошқача кечган бўларди ёки ҳаммаси битта аниқ зарба билан ҳал бўларди.
- Мағлуб бўлган жангингиздан кейин ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
- Бу ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин. Албатта, умидсизлик, афсусланиш бор эди, мен Қозоғистон спорти тарихини янгилай олмадим. Ҳаёт шу билан тугамайди. Олдинда ҳали кўп муҳим стартлар ва турнирлар бор. Ким билади, эҳтимол мен Париждаги Олимпиадага йўл оларман.
- Бошқача айтганда, кейинги Олимпиадада ҳам иштирок этмоқчисиз?
- Бундай бўлиши ҳам мумкин. Мен озгина дам олишим керак. Бу савол мураббийлар, менежерлар билан синчковлик билан муҳокама қилиниши керак.
- Токио Олимпиадасидан сўнг мухлислар томонидан жуда кўп танқидлар бўлди. Хусусан, спортчиларни тайёрлаш учун етарли шароит яратилмаганлиги айтилди. Умуман, жамиятда мавжуд бўлган танқидларга қандай қарайсиз?
- Тайёргарлик шартлари нуқтаи назаридан, менда ҳеч қандай савол ва шикоят йўқ. Биз барча турнирларга бордик, Америка ва Кубада йиғин ўтказдик. Шу муносабат билан мен Қозоғистон Республикаси Миллий олимпия қўмитасига, Қозоғистон бокс федерациясига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Танқидга келсак, унга тўғри муносабатда бўлиш керак. Бошқа спорт турлари ҳақида билмайман, лекин боксда ҳамма Қозоғистондан олтин медаль кутишган. Танқиддан хафа бўлишга асос йўқ. Албатта, мамлакатга олтин медални олиб келишнинг иложи бўлмагани учун ранжиш бор. Ишонаманки, биз қайтамиз ва фақат кучлироқ бўлиб.
- Олимпиаданинг мукофот пулларини қандай сарфлашни олдиндан режалаштирганмисиз?
- Менинг иккита акам, синглим, оилам бор. Мен оиламга ёрдам беришни режалаштиряпман. Мен уларнинг ҳеч нарсага муҳтож бўлмасликларини хоҳлайман. Ота-онамга ва қариндошларимга ёрдам бераман.
- Сизга асосий рақиб деб аташ мумкин бўлган боксчи борми?
- Мен ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалоловга қарши етти марта жанг қилганман. Мен уч марта, Жалолов тўрт марта ғолиб бўлган. Жаҳон чемпионатида қатнашишни ва у ерда ғолиб бўлишни хоҳлардим.
Сарвиноз Раҳмонқулова таржимаси
Фикрлар