UZ

Сўнгги янгиликлар

07:01Фабио Каннаваро: "Ўртоқлик ўйинларидаги натижа эса муҳим эмас" (+ВИДЕО) 0 18:48"Уни нафақага кузатаман" - Пэдди Пимблетт Топурия билан жанг қилишни истамоқда 0 18:19"Мен Умар ва Усманнинг катта мухлиси эдим..." - Саба Лазишвили 0 17:40"Учрашиб, ҳаммасини муҳокама қилишимиз мумкин". Мераб Двалишвили Ислам Махачевга мурожаат қилди 0 17:17Абдуқодир Ҳусановнинг нархи Саудия Арабистони терма жамоасининг барча футболчилари қийматидан юқори 0 16:48Махачқалъада самбо бўйича Россия чемпионати совриндори отиб кетилди. Нималар маълум? 0 16:19Мераб Двалишвили: «Усман ва Умар эркак эмас» 0 15:45Асламжон Ортиқов чемпионлик реванши олдидан ўтган жангдаги хатосини эслади 0 15:17Почеттино АҚШ терма жамоаси ярим ҳимоячисини "Манчестер Юнайтед"га олиб келмоқчи 0 14:46Олти ой ўрнига олти кун! Нурмагомедовларни қамоқдан Хабиб қутқариб қолдими? 0 14:15Ўзбекистонда велоспорт билан шуғулланувчилар сони 2030 йилгача 30 мингга етказилади 0 13:44Муҳиддин Мамажонов Қозоғистонда жанг қилади + ПОСТЕР 0 13:13"Нефтчи" – "Ал Ҳилол" учрашувини бошқарадиган ҳакам маълум бўлди 0 12:42Расман: БАА ҳукумати Усман Нурмагомедов иши бўйича ўз қарорини эълон қилди 0 12:11Жаҳон бокси юлдузлари Тошкентда жанг қилади + ПОСТЕР 0

18 ноя 07:01
Янгиликлар

Футбол

Фабио Каннаваро: "Ўртоқлик ўйинларидаги натижа эса муҳим эмас" (+ВИДЕО)

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Саудия Арабистони терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашувидаги ғалабадан (2:1) сўнг матбуот анжуманида иштирок этди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

“Футболчиларим учун ва ушбу ғалабадан жуда ҳам хурсандман. Чунки Россия терма жамоасидан учралган аламли мағлубиятдан сўнг — ўша баҳсда яхши ўйнаганимизга қарамай, ўйин охирида имкониятни бой бергандик — ички муҳитимизда бироз тушкунлик кайфияти бор эди. Бугун таркибимизда бир қатор жиддий йўқотишлар бўлишига қарамасдан, йигитлардан майдонда яхлит жамоа сифатида ҳаракат қилишни сўрадим. Футболчиларимиз чиндан ҳам бир жамоа бўлиб ўйнашди ва Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бирини мағлубиятга учратишди. Биринчи бўлимда жуда ажойиб ўйин намойиш этдик.

Тўғри, рақиб сафидаги қизил карточкадан сўнг футболчиларимиз яна тўхтаб қолишди — бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас. Шу боис баъзида футболда бир ўйинчи кўп бўлиб ўйнагандан кўра, тенг таркибда ёки ҳатто бир киши кам бўлиб ҳаракат қилишни афзал кўраман. Чунки камчиликда қолганда футболчилар кўпроқ характер ва шижоат кўрсатишади, кўпчилик бўлиб қолганда эса хотиржамликка берилишади. Рақибимизнинг савиясини ва улар ўн киши бўлиб ҳам хавф туғдира олишини билганим учун майдон четида бироз хавотирландим ва йигитларни олдинга ундашга ҳаракат қилдим. Шунга қарамай, футболчиларимдан мамнунман: бугун уларнинг барчаси охиригача югурди, курашди ва ушбу ғалабага тўлиқ муносиб бўлди”, - дея фикр билдирди Фабио Каннаваро.

— Аввало сизга ва бутун жамоага ғалаба муборак бўлсин. Ҳақиқатан ҳам бу ғалаба футболчиларга руҳий муҳитни тиклаб олиш учун жуда зарур эди. Ижозат берсангиз, иккита саволим бор эди. Биринчиси: Аббосбек Файзуллаевнинг аҳволи қандай, ҳозир унинг саломатлиги бўйича бирор хабар борми? Иккинчиси: ўтган сафар Россия билан ўйинда ҳам, бугун Саудия Арабистонига қарши баҳснинг иккинчи бўлими ўрталарида ҳам, ўзингиз таъкидлаганингиздек, Ўзбекистон терма жамоаси темпни пасайтириб, тўхтаб қолгандек кўринди. Бу ўзига хос бир ўхшашликми ёки шунчаки тасодиф?

— Россия ҳамда Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши ўйинларнинг иккинчи бўлими умуман бир-бирига ўхшамас, аммо бугунги баҳсда бунга рақибимиз олган қизил карточка асосий сабаб бўлди. Биласиз, футболда рақиб жамоа бир ўйинчи кам бўлиб қолса, уларнинг ҳар бир футболчисида мотивация икки ҳисса ошади, ўзини кўрсатиш ва шеригининг ўрнини билинтирмаслик учун янада кучлироқ ўйнашга ҳаракат қилади. Бир ўйинчи кўп бўлиб қолган жамоадан эса аксинча — ақлли, сабрли ўйнаш ва тўпни назорат қилиш талаб этилади. Мураббий сифатида рақибнинг ўн киши бўлиб қолиши менга унчалик ёқмайди, чунки футболчилар ўйинни ютдик деб ўйлаб қолишади ва бу жуда хавфли вазиятни юзага келтиради.

Бироқ бугун ғалаба қозониш муҳим эди. Агар ҳар иккала учрашувга — Россия ва Саудия Арабистонига қарши баҳсларга эътибор қаратсак, жуда яхши шаклланган жамоани кўрдик. Иккала ўйинда ҳам учрашув тизгинини назорат қилишга интилдик, ҳужумда кўплаб ижобий ҳаракатларни амалга оширдик, олдинга интилиб, чизиқлар орасида очилишга ҳаракат қилдик. Энг муҳими — мен келганимдан буён рақиб ким бўлишидан қатъи назар, барчага қарши ўз ўйинимизни ўтказишга интиляпмиз. Авваллари Ўзбекистон терма жамоаси кўпроқ эҳтиёткор футбол намойиш этиб, асосий эътиборни ҳимояга қаратган ва ўз вазиятини кутиб ўйнаган. Аммо менга бундай услуб ёқмайди — мен жамоам ўйинни ўз назоратида ушлашини ва кўплаб хавфли вазиятлар яратишини хоҳлайман.

— Ўзингиз ўтмишда жуда кучли ҳимоячи бўлгансиз ва катта тажрибага эгасиз. Нима учун ҳозир ҳимоямиз марказида асосий етакчи ўйинчилар йўқлигида биз барибир қўпол хатоларга йўл қўйяпмиз? Буни бартараф этиш учун ўша етакчиларнинг сафга қайтиши шартми ёки тизимли иш орқали буни тўғриласа бўладими?

— Миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида ишлаш осон эмас, чунки футболчиларингни соғинасан — улар билан ҳар куни шуғулланишни хоҳлайсан, аммо терма жамоада бундай имконият бўлмайди. Ҳар куни майдонда бирга ишлаб, хатолар устида мунтазам шуғулланиш учун вақт жуда кам. Шу боис ҳар гал йиғин ўтказганимизда ўз тажрибамни футболчиларга имкон қадар кўпроқ ўргатишга ҳаракат қиламан, бироқ бунинг учун вақт керак. Вақтим кўпроқ бўлганида, уларга янада кўпроқ нарса бера олган бўлардим. Мени қувонтирадиган энг асосий жиҳат — ҳимоячиларимиз ўрганишни жуда хоҳлашади, уларда ўсишга ва янги билимларни ўзлаштиришга иштиёқ жуда баланд.

Собиқ ҳимоячи сифатида айтадиган бўлсам, ҳимоячи учун энг муҳим жиҳат — жисмонан жуда бақувват ёки ўта тезкор бўлиш эмас, балки концентрациядир. Ҳимоячи ҳеч қачон бир сонияга ҳам диққат-эътиборини йўқотмаслиги, ақлли бўлиши ва майдондаги вазиятни ҳис қила олиши шарт: қачон шеригини ёпиш керак, қачон прессингга чиқиш керак ва қачон шунчаки тўпни жарима майдончасидан узоқлаштириш лозим. Биз мана шу жиҳатларни ўзлаштириш устида ишлашда давом этишимиз керак.

фабио ичиг.jpg

— Бугун журналистлар озчилик бўлгани учун яна битта савол беришга ижозат берсангиз. Терма жамоани қабул қилиб олганингизга бир йилу бир ой бўлди. Битта фарқни айтиб ўтдингиз: аввалги бош мураббий Сречко Катанец даврида жамоа кўпроқ ҳимоядан ўйнаб, битта гол урса ҳам шуни ушлаб қолишга ҳаракат қиларди, сиз келганингиздан бери эса ҳужумкор футбол кўряпмиз ва бундан хурсандмиз. Бу давр ичида яна нималар ўзгарди дея оласиз? Мана шу ноябрь ойидаги йиғин якунлангач, нималардан кўнглингиз тўлди-ю, ҳали яна қандай ишлар бор?

— Яхшилашимиз зарур бўлган камчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда индивидуал хатоларни камайтиришимиз керак. Масалан, ҳимоячиларимиз баъзан оддий вазиятларда тўпни йўқотиб қўйишади; таянч ярим ҳимоячиларимиз эса тўпни қабул қилишдан аввал атрофни кўздан кечириб, майдонни ўрганишни — яъни қарор қабул қилишдан олдинги ҳаракатларни яхшилаши лозим. Қанот вингерларимиз эса бирга-бир вазиятларда рақибни алдаб ўтишдан қўрқмаслиги даркор. Шу сабабли индивидуал жиҳатдан ҳали анча ишлашимиз талаб этилади.

Шу билан бирга, мен келганимдан буён жамоага доим бир нарсани уқтириб келаман: агар биз майдонда яхлит бир жамоа бўлиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай рақибга қарши муносиб ўйнай оламиз ва ҳар қандай жамоа дарвозасига йўл топа оламиз. Албатта, ғалаба қозониш муҳим — мен ҳам ютишни яхши кўраман, — лекин баъзи вазиятларда ютқазмаслик ҳам муҳим эканини тушуниш керак. Фақат ғалаба илинжида бутун жамоа бўлиб олдинга ташланиб кетавермаслик лозим, бу эса тажриба билан келади. Ҳозир таркибимизда ёш футболчилар кўп ва улар майдонга тушиб тажриба тўплашмоқда. Бундай малакани эса фақат кучли терма жамоаларга қарши ўйинлар орқали олиш мумкин. Кўп бор айтганимдек, ўртоқлик учрашувларида мен учун натижа биринчи даражали эмас — энг асосийси, ёш футболчиларимизга топ терма жамоаларга қарши ўйнаш имкониятини бериш, чунки айнан шундай баҳсларда улар ўсишга эришади.

— Охирги қисқа савол. Элдор Шомуродов йўқлигида бугун Ҳусаин Норчаев ўз имкониятига эга бўлди, Шерзод Эсановни эса кутилмаган позицияда — икки ҳужумчи ортида ўйнатдингиз ва у дубль қайд этди. Уларнинг ҳаракатлари ва бу тактик қарор ҳақида нима дея оласиз?

— Тўғриси, Ҳусаин Норчаев учун бироз афсусландим, чунки у бугун майдонда бор кучини берди, жуда кўп югурди ва ўзи учун оғир кечган ўйинда жамоа учун охиригача курашди — унга фақатгина гол етишмади.

Шерзод Насруллаевга келадиган бўлсак, бу футболчини илк бор кўрганимдаёқ унинг имкониятларини жуда яхши англаганман. У майдон марказида ҳам, бошқа исталган чизиқда ҳам ўйнай оладиган универсал ижрочи. Бугун биз янги тактик схемада — икки ҳужумчи билан ҳаракат қилишга қарор қилдик ва Шерзодни ҳужумчилар ортига жойлаштирдик. Бунинг натижасида унда олдинги чизиққа кўпроқ қўшилиш имконияти пайдо бўлди. Мен терма жамоамиз фақатгина битта тизимга боғланиб қолишини хоҳламайман — футболчиларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, турли тактик схемаларда эркин ўйнай олишимиз керак.


Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг