UZ

Сўнгги янгиликлар

19:23Арман Царукяннинг рақиби маълум, сана ва манзил ҳам + ПОСТЕР 0 18:52Ғалабалар сари бораётган ёшлар 0 18:21Гвардиола "Манчестер Сити"га қайтмоқда 0 17:50Кроуфордни қийнаган Исроил Мадримов беш йил ўтиб яна Тошкентда жанг қилади. Бу Исроил учун қанчалик аҳамиятли жанг? 0 17:19Сўнгги воқеалар фонида Жермелл Чарло Хайме Мунгияни жангга чорлади 0 16:48Стрикленд UFC’даги адолатсизликка ишора қилиб, боксга ўтиш ҳақида ўйлаётганини айтди 0 16:17"Радник" бош мураббийи: "Шукуровнинг трансфери клубимиз даражаси ўсганини кўрсатади" 0 15:46Хайме Мунгияга Ўзбекистонда жанг ўтказиш таклиф қилинди 0 15:15Пётр Ян қандай ҳолатда ярим енгил вазнда UFC камари учун жанг қилишини айтди 0 14:44Осиё ўйинларида иккинчи бўлган таэквондо терма жамоамиз Париж Гран-присида қатнашади 0 14:13Лионель Месси афсонавий клубнинг фахрий аъзосига айланди 0 13:42"Бу сафар ақл билан ҳаракат қиламан". Двалишвили — Пётр Янга қарши бўлажак жанг ҳақида гапирди 0 13:11"Ислам фаолиятидаги энг осон жанг бўлади". Собиқ чемпион Махачевнинг эҳтимолий жанги ҳақида гапирди 0 12:40Хайме Мунгия жамоаси мажбурий даъвогар Бектемир Мелиқўзиевга пул таклиф қиляпти 0 12:09"Трактор" бош мураббийи Ҳамробековга Ўмонга боришни маслаҳат берди 0

08 окт 18:52
Янгиликлар

Бошқалар

Ғалабалар сари бораётган ёшлар

Теглар :  Чирчиқ
Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спорт ва маънавият уйғунлиги мужассам.

Спорт — миллатнинг куч-қудрати, ёшларнинг иродаси ва Ватанга бўлган меҳрини намоён этувчи муҳим майдонлардан бири. Бугун юртимиз спортчилари дунёнинг нуфузли мусобақаларида байроғимизни баланд кўтариб, Ўзбекистоннинг спорт салоҳиятини намоён этмоқда. Бундай улкан ғалабалар замирида эса иқтидор, машаққатли меҳнат, мустаҳкам ирода ва, албатта, устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати мужассам.

Мамлакатимизда спортга бўлган эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар ёш авлоднинг жисмонан бақувват, маънан етук бўлиб вояга етишида муҳим омил бўлмоқда. Ана шундай масканлардан бири — Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази.

Бу даргоҳда спорт билан бир қаторда ёшларнинг маънавий-маърифий тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, ҳақиқий чемпион фақат жисмонан кучли эмас, балки кенг дунёқарашли, ватанпарвар, интизомли ва маънавий баркамол бўлиши лозим.

Рақамларда акс этган меҳнат самараси

Ҳозирги кунда марказда спортнинг 25 тури бўйича 478 нафар ўқувчи-спортчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 129 нафари қизлар. Ёш спортчиларга 109 нафар малакали мураббий-ўқитувчи таълим ва тарбия бериб, уларни катта мусобақаларга тайёрламоқда. Марказ спортчиларининг сўнгги йиллардаги натижалари ҳам бу ерда олиб борилаётган тизимли ишларнинг амалий ифодасидир.

Хусусан, 2025 йил давомида ўқувчи-спортчилар Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 244 та олтин, 166 та кумуш ва 219 та бронза, жами 629 та медаль қўлга киритди. Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда кубоги мусобақаларида эса 24 та олтин, 21 та кумуш ва 22 та бронза, жами 67 та медаль жамғарилди.

Натижалар динамикасига назар ташласак, ўсиш яққол кўзга ташланади. Марказ ўқувчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 2023 йилда 453 та, 2024 йилда 518 та, 2025 йилда эса 629 та медаль қўлга киритган.

Жаҳон ва Осиё чемпионатларидаги кўрсаткичлар ҳам салмоқли. 2023 йилда 33 та, 2024 йилда 29 та медаль қўлга киритилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 67 тага етди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида эса Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида 273 нафар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида 42 нафар спортчи медаллар жамғаришга эришди. Бу рақамлар ортида эса кунлик машғулотлар, машаққатли ўқув-йиғинлари, мураббийларнинг изланиши ва спортчиларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши турибди.

Терма жамоалар учун муносиб ўринбосарлар

Марказ спортчиларининг миллий терма жамоаларга жалб этилишида ҳам йилдан-йилга ўсиш кузатилмоқда. 2023 йилда миллий терма жамоаларга номзод ва аъзолик кўрсаткичи 34 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 51 фоиздан ошди.

Спорт унвонлари ва разрядлар бўйича ҳам ижобий ўсиш кузатилмоқда. Бу эса марказда тарбияланаётган ёшларнинг нафақат бугунги мусобақалар, балки миллий терма жамоаларнинг келажакдаги таркиби учун ҳам муносиб номзод сифатида шаклланаётганидан далолат беради.

Ҳар бир мусобақа олдидан кучайтирилган машғулотлар, ўқув-йиғинлари ташкил этилиб, спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилади. Мураббийлар уларнинг хато ва камчиликларини таҳлил қилиб, мусобақаларга пухта тайёрлашга ҳаракат қилади.

Спортчига медальдан ташқари маънавият ҳам керак. Марказда спорт натижалари билан бир қаторда маънавий-маърифий ишларга ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Хусусан, ҳар пайшанба куни марказда "Ёшлар куни" сифатида белгиланган. Бу кун спортчи-ўқувчилар учун нафақат дам олиш ёки бўш вақтни мазмунли ўтказиш, балки дунёқарашини бойитиш, мамлакат ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш имкониятига айланган.

"Ёшлар куни" доирасида юртимиз ва жаҳонда спорт ҳамда сиёсат соҳаларида рўй бераётган муҳим янгиликлар спортчи-ёшларга ўқиб эшиттирилади. Турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва тарбиявий машғулотлар ташкил этилиб, ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга эътибор қаратилади. Зеро, халқаро майдонда Ватан шарафини ҳимоя қиладиган спортчи дунёдаги воқеалардан бехабар бўлмаслиги, ўз юртининг тарихи, бугуни ва келажагини чуқур англаши муҳим.

Шу маънода, марказда жисмоний тарбия билан маънавий тарбиянинг уйғун олиб борилаётгани келажак чемпионларини тарбиялашнинг муҳим шартларидан бири бўлмоқда.

Чемпионлар тарбияланадиган замонавий даргоҳ

Спортчиларнинг сифатли машғулот олиб бориши учун марказда муносиб шарт-шароитлар яратилган. Сўнгги беш йилда халқаро талабларга жавоб берадиган дзюдо, кураш, юнон-рум кураши, эркин кураш, аёллар кураши, бокс, оғир атлетика, камондан ўқ отиш, таэквондо, каратэ, қиличбозлик, парапауэрлифтинг заллари ҳамда сузиш ҳавзаси барпо этилди. Бу иншоотлар бугун ёш спортчиларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни халқаро майдонларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Ютуқлар ортида спортчининг кучли иштиёқи, иқтидори ва мураббийларнинг тажрибаси ҳамда меҳнати ётади, — дейди Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази директори Ровшан Гафуров. — Юртимизда жисмоний тарбия ва спортга катта эътибор берилаётгани, терма жамоаларимизга муносиб ўринбосарлар тайёрлаб бериш мажбурияти бизни ўз ишимизни қайта-қайта таҳлил қилишга, ўқувчи-ёшларнинг мусобақаларда мунтазам иштирокини таъминлашга, уларнинг натижаларини яхшилаб боришга ундайди. Жумладан, ўтган йили уч босқичда ташкил этилган "Президент Олимпиадаси" мусобақалари янги иқтидорларни кашф этиш, спортнинг оммавийлигини оширишда катта аҳамият касб этди.

Мазкур Олимпиадада марказ спортчиларидан иборат жамоа умумий ҳисобда 10 та олтин, 5 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритиб, республикадаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари орасида юқори натижалардан бирини қайд этди. Японияда ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам марказнинг 19 нафар битирувчиси Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Ғалабалар ортидаги устозлар

Ҳар бир чемпионнинг ортида унинг устози туради. Спортда эса бу ҳақиқат янада яққол намоён бўлади. "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" фахрий унвони соҳиблари — юнон-рум курашидан Воҳид Темиров, боксдан Алимардон Достанов, Фаррух Қиличев, дзюдодан Сервер Муродасилов, пара енгил атлетикадан Иброҳим Юсупов, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Абдурашит Мусаев, "Ўзбекистон ифтихори" унвони соҳиби, боксдан Икром Бердиев, "Шуҳрат" медали соҳиби, эшкак эшишдан Рустам Мирзадиёров, "Шуҳрат" медали соҳиби, таэквондодан Паҳлавонжон Собиров, II даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳиблари оғир атлетика бўйича Баҳром Абдумаликов, Жўрабек Зоиров сингари малакали мураббийлар ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келмоқда. Уларнинг меҳнати фақат медаллар билан эмас, балки Ватанга садоқатли, иродали ва мақсад сари интиладиган ёшларни тарбиялашда ҳам намоён бўлмоқда.

Спорт масканида ҳаёт қизғин

Етти йилдан буён шу даргоҳда фаолият юритиб келаётган марказ директори Ровшан Гафуровнинг талабчанлиги, ташаббускорлиги ва жисмоний тарбия ҳамда спорт соҳасидаги бой тажрибаси жамоа фаолиятида ўз самарасини бермоқда. Даргоҳнинг ўзи ҳам спортчилар учун ўзига хос руҳий куч бағишлайди. Теварак-атрофдаги ям-яшил майсазорлар, турфа хил гуллар, кўкка бўй чўзган дарахтлар ва мусаффо ҳаво масканга алоҳида файз бағишлайди. Сокин эсган шабада эса машғулотлар оралиғида спортчиларга хотиржамлик ва яхши кайфият улашади. Зеро, чемпионлик йўли фақат спорт залларидан бошланмайди. У аввало тарбия, интизом, билим, маънавият ва Ватанга муҳаббатдан бошланади.

Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бу жиҳатлар бир бутун мақсад — юртимизга муносиб, жисмонан бақувват, маънан етук ва халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган ёшларни тарбиялаш мақсади атрофида уйғунлашмоқда.

Бугунги медаллар — кечаги меҳнатнинг самараси! Эртанги ғалабалар эса бугун яратилаётган шароит, берилаётган таълим-тарбия ва ёшларга билдирилаётган ишонч мевасидир.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг