28 фев 17:01
Янгиликлар
«Мен – бокснинг юзиман». Флойд Мейвезер тарихдаги энг яхши боксчими?
У интервьюда ўзини жаҳоннинг энг яхши боксчиси деб атади. «Аслида ҳамон бокснинг юзиман. Мен Робинсон, Муҳаммад Али, Рей Леонард каби йигитларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, жуда кўплаб йигитлар менга йўл очиб беришди, аммо Флойд Мейвезер битта ва қолган жангчилар мендан яхишроқ эмас», деди «бойвачча» The Pivot Podcast канали билан бўлган суҳбатда. Флойд бу мавзуда бир неча маротаба гапирган, лекин бу ҳар сафар кулгу остига олинади ҳамда бокс жамоатчилигининг салбий реакциясини келтириб чиқаради. Шундай кейин Майк Тайсон нима учун Мейвезерни дунёдаги энг яхши «чарм қўлқоп усталари» қаторига киритмаслиги ҳақида аниқ гапирди.
«Биласизми, боксда шундай шахслар борки, Улар ўз вақтида қанчалик зўр бўлмасин, ҳеч қачон буюклик мақомига эриша олмаган. Гарчи улар ақл бовар қилмас даражада пул ишлаб топишган бўлишса ҳам, бу аҳамиятсиз. Бу ҳолатда пул нисбий кўрсаткич эканлигини тушуниш лозим. Айнан шунинг учун мен энди Флойд Мейвезерни 50:0 ҳисобидаги рекорди билан мақтанишини ортиқ эшитишни имтамайман», дейди афсонавий спортчи. Ҳақиқатан ҳам Флойд боксда мисли кўрилмаган юксакликка эришди ва тарихда ўз ўрнига эга спортчи ҳисобланади. У шу пайтга қадар ҳеч қачон профессионал рингда мағлуб бўлмаган. Бироқ тан олиш керакки, Тайсоннинг гапларида жон бор. Мейвезер жуда айёр жангчи ва унинг жамоаси жангчининг мағлубият устунида «0»ни ушлаб туриш учун катта иш қилади. Улар америкаликка қулай вақтда қулай рақибларни танлашга ҳаракат қилади. Қолаверса, ютқазиш хавфи мавжуд бўлган жиддий рақиблардан қочишади.
Албатта, қаҳрамонимизнинг ўз ишитрокидаги барча жангларда ғолиб бўлганини унутмаслик лозим. Флойд бокс билан қандай шуғулланиши ҳақида ҳам айтиш керак бўлган нарсалар бор. У жуда тез жангчи, ажойиб оёқ ҳаракати ва техникага эга саналади. Шу билан бирга у хавфсиз ва прагматик зарба бериш услубига ҳам эга. Мейвезер ташаббусни рақибга беради, 12 раунд давомида жангни ўзи назорат қилади. Қўлларининг тезлиги ва узунлиги ҳисобига ўз зарбаларини масофадан туриб «улоқтиради». Шунингдек, у очколар учун жанг қилишни ҳам жуда яхши билади. Бунга яққол мисол сифатида Менни Пакьяога қарши баҳсни эслашнинг ўзи кифоя. «Бойвачча» филиппинлик боксчи билан бўлган жангда рингни айланиб, масофани сақлаб, хавф туғилганда клинчга кириб олгани ёдингизда бўлса керак.
Флойднинг карьерасида бунга ўхшаш жанглар талайгина топилади. Ҳа, у ринга чиқади ва ўз ишини бажаради, аммо шу билан бир қаторда спортчи учун катта пул тўлаган мухлислар унинг зерикарли жангларидан ухлаб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Таъкидлаш керакки, Мейвезер ўзининг рекорди билан бокс тарихига кирди, ҳеч қандай ажойиб жанглар билан эмас. Бошқа буюк боксчилардан фарқли ўлароқ, «Ўрмондаги шовқин», «Маниладаги триллер» каби Муҳаммад Алининг ушбу афсонавий жанглари ҳақида эшитган бўлишингиз керак, айнан ўша жангларни уни «буюк»ка айлантирди. Али бокс ихлосмандларига нафақат супер бахслар, балки «капалакдек учиб, аридек чақиш» техникасини ҳам тақдим этган. Лекин Муҳаммад Али мукаммал рекордга эга эмас, унинг мағлубиятлар устунида «0» рақамини учратмайсиз. Ёки Майк Тайсонни олайлик. Темир Майк ўз фаолиятида давомида 6 маротаба мағлубиятга учраган, лекин унинг сўнгги жангларида (фаолиятида кескин «шўнғиган» даврлар) ҳам ареналар доим гавжум бўларди ва миллионлаб мухлислар зангори экран орқали жангларини томоша қиларди.
Томошабинларнинг севгисини зерикарли қарши зарба услуби билан сотиб олиб бўлмайди. Тасаввур қилишингиз учун: фаолиятингиздаги энг муҳим жангда сиз 12 раунд давомида велосипедда шунчаки педаль айлантириб, рақибингиздан қочиб юриб энг буюк боксчи бўлишингиз мантиқан мумкин эмас. Қаҳрамонимиз ўзининг «0»ини сақлаб турибди, албатта, бу спортнинг ютуғидир. Бироқ бу рекорд уни барча даврларнинг энг буюк боксчисига айлантириб қўймайди. Флойд бу масала юзасидан минглаб интервью бериши, ҳар ерда ўз буюклиги ҳақида бонг уруши мумкин, аммо у ҳеч қачон мухлислар мехрини ва бокс шайдоларининг севгисини қозона олмайди. Хўш, сизнингча Флойд Мейвезер тарихдаги энг буюк боксчими? Ўз жавобларингизни ихоҳларда ёзиб қолдиринг.
Ҳабиб Жўрабоев таржимаси
Фикрлар