14 дек 10:40
Янгиликлар
Отабек Умаров оғир атлетика ва енгил атлетика федерациялари режалари билан танишди
Дастлаб оғир атлетика федерациясининг бу борадаги режаларига назар ташланди.
Тақдимот билан Спорт вазирининг ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов таништирди. Унда Шаҳрулло Шарипович маҳаллий мусобақалар орқали иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларнинг халқаро турнирлардаги иштирокини таъминлаш, мураббийларнинг билим ва кўникмаларини ошириш лозимлиги борасида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, терма жамоага жалб этилган мисрлик мутахассис Холид Ҳасан ҳам мавзу бўйича фикрлари билан ўртоқлашди. Мураббий ҳозирда Баҳрайн мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионати асосий таркиб спортчиларининг имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказиб бераётгани, шунингдек, жорий ой Қатарда ташкил этиладиган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати кучли захира таркибни кўздан кечириш имкониятини тақдим этишини таъкидлади.
Шундан сўнг Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг тақдимоти муҳокама қилинди. Қайд этиш жоиз, Олимпия ўйинларида энг кўп йўлланма ва медаллар жамланмаси айнан ушбу спорт турида ўйналади. Бироқ терма жамоамиз сўнгги пайтларда саноқли лицензиялар билан чекланиб қолмоқда.
Суҳбатда мазкур жиҳат танқид остига олиниб, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларида енгил атлетикачиларимиз делегациямизга энг кўп йўлланма тақдим этадиган жамоа бўлишлари лозимлиги таъкидланди. Тақдимот давомида терма жамоа бош мураббийи Гўзал Хуббиева кўплаб дастурларда иқтидорли ёшлар етишиб чиқаётгани, сўнгги йилларда ўтказилган халқаро мусобақалар иқтидорли ёшларни саралаб олишга имкон бераётганини билдирди.
Якунда ҳар икки федерация вакилларининг Ўзбекистон делегациясини бўлажак Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича тайёрланаётган Президент қарори лойиҳаси учун таклифлари белгилаб олинди.
Фикрлар