UZ

Сўнгги янгиликлар

10:00Италиялик жаҳон чемпиони Қозоғистонга келди 0 09:39Бугун Туркиядаги "Катта Дубулға"да 7 нафар дзюдочимизга мухлислик қиламиз 0 09:18Карлос Алькарасни Майамидаги "Мастерс"дан чиқариб юборишди 0 08:51Жорж Сен-Пьер фаолиятини якунлаш сабабини айтди 0 08:30Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади 0 08:05Шоҳжаҳон Эргашев рақибини 1-раунддаёқ нокаутга учратди 1 20:46“Great Silk way-2024”. Боксчиларимиз турнирни умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлашди 0 19:50Дана Уайт Конор Макгрегорнинг камчилиги ҳақида гапирди 0 19:28Оливейра нима учун Царукян билан жангга рози бўлганини айтди 0 19:06Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди 0 18:45Жаҳонгир Нажмиддиновнинг Анвар Азизли билан жанги бўйича берилган апеллация натижаси қандай бўлди? 0 18:23Новак Жокович грунт мавсумга тайёргарликни бошлади 0 18:02Оливейра Царукянга маслаҳат берди 0 17:41Хави «Барселона»да қолиши мумкин, бироқ бош мураббий сифатида эмас 0 17:18Дзюдо. Анталия "Катта Дубулға" турнирига қуръа ташланди, ҳамюртларимизнинг илк рақиблари билан танишинг 0

14 фев 17:27
Янгиликлар

Олимпия ўйинлари

Париж Олимпиадасида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчиларга неча пул берилиши маълум бўлди

Теглар :  Париж-2024
Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, шунингдек, ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни пул мукофотлари билан рағбатлантириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларида (кейинги ўринларда – Олимпия ва Паралимпия ўйинлари) ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

олтин медаль учун – 200 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль учун – 100 000 АҚШ доллари;

бронза медаль учун – 50 000 АҚШ доллари;

б) мазкур бандда назарда тутилган харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

2.Транспорт вазирлиги (И.Махкамов) Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик қилиш жараёнида республика ҳудудида ўтказилаётган спорт мусобақалари, ўқув-машғулотлар йиғинларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоа аъзоларининг иштирокини таъминлаш учун вилоятлараро йўналишлар бўйича (темир йўл ва авиачипта) транспорт харажатларига 2022 йил 1 мартдан 2024 йил 1 сентябрга қадар чегирмалар жорий этсин.

3. Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда ­– Республика комиссияси) томонидан белгиланадиган ҳомий ташкилотларнинг:

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқи учун лицензияни қўлга киритишга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон спортчиларига зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлик хайрия ёрдамини кўрсатиш;

ҳомийлик хайрия ёрдами сифатида ажратиладиган маблағларни Республика комиссияси томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан тўлаб бориш;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерация (ассоциация)ларига ажратилган пул маблағларидан оқилона, тежамкор, самарали ва мақсадли фойдаланилганлиги ҳақида ҳар чоракда уларнинг ҳисоботини эшитиб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Ҳомий ташкилотларнинг тегишли бошқарув органлари бир ой муддатда ҳомийлик хайрия ёрдами сифатида ажратиладиган маблағларни тасдиқланган режа-графикка асосан тўлаб бориш тўғрисида қарорларни қабул қилсин, ажратилган пул маблағларидан оқилона, тежамкор, самарали ва мақсадли фойдаланилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатсин, натижалари ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилсин.

Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси (А.Арипов, А.Абдухакимов) Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик қилиш жараёнида юқори кўрсаткичларни қайд этган ҳомий ташкилотларни мукофотлаш чораларини кўрсин, зарур ҳолларда таклиф киритсин.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги ПҚ-5281-сон қарори билан тасдиқланган 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш дастурида спортнинг дзюдо, таэквондо (WT), оғир атлетика, спорт курашлари, стол тенниси турларини ривожлантириш бўйича вазифа белгиланган.

Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳамда тегишли спорт федерациялари (ассоциациялари)ни жалб этган ҳолда:

2022 йил 1 майга қадар – спортнинг дзюдо турини ривожлантириш бўйича;

2022 йил 1 июнга қадар – спортнинг таэквондо (WT) ва спорт курашлари турларини ривожлантириш бўйича;

2022 йил 1 июлга қадар – спортнинг оғир атлетика ва стол тенниси турларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

5.Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси ҳамда тегишли спорт федерациялари (ассоциациялари)ни жалб этган ҳолда 2022 йил Пекин шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтаётган XXIV қишки Олимпия ва XIII Паралимпия ўйинлари натижаларидан келиб чиқиб:

2022 йил 1 апрелга қадар – Ўзбекистонда қишки спорт турларини комплекс ривожлантиришни;

2022 йил 1 июлга қадар – 2026 йил Милан шаҳрида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

6.Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензияларнинг, шунингдек, иштирок этиладиган спорт турларининг сонини камайтириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари билан келишилган ҳолда Республика комиссияси томонидан амалга оширилади.

7.Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2028 йил Лос-Анджелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, қуйидагилар назарда тутилсин:

Олимпия ва Паралимпия дастурларига киритилган спорт турлари бўйича, айниқса, жамоавий спорт турлари (баскетбол, гандбол, волейбол, чим устида хоккей, регби, сув полоси ва бошқалар) бўйича лицензиялар сонини сезиларли даражада кўпайтириш;

Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини саралаш ва тайёрлаш дастури;

Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича мақсадли кўрсаткичлар;

Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрувчи Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг контингенти;

Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларига бириктирилган спорт базалари рўйхати;

Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси таркиби ҳамда комиссия тўғрисида низом тасдиқланиши;

Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун талабгорлар ўртасида аёл спортчилар улушини ошириш, спортчиларни саралаш ва тайёрлашда гендер тенглигини таъминлаш;

спорт фармакологияси, психологияси, тиббиёти ва диетологиясини такомиллаштириш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш.

8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.М.Шаабдурахманов ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М.Ташходжаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар йили 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 14 февраль

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг