25 дек 10:54
Янгиликлар

Тавсия қиламиз! 24-0. 12 ой ичида катта сакрашга эришган "украиналик Хабиб” ҳақида
Хусусан, Bellator промоушени ҳам февраль-июль ойларида турнир ташкиллаштира олмади. Ташкилот иккинчи ярим йилликда яхши ҳаракат қилган бўлса ҳам, чемпионлар биттадан ортиқ ҳимоя жангида иштирок эта олмади.
Бундай шароитда "Йил жангчиси" бўлишга даъвогарлик қилиш мушкул. Лекин Ярослав Амосов ўзининг ёрқин ғалабалари билан ҳаммани ҳайратга солишга муваффақ бўлди.
Амосов аслида ким?
"Украиналик Хабиб" 2018 йилда ММА оламининг иккинчи энг йирик ташкилоти Bellator билан шартнома имзолади. Шартнома имзолангунга қадар унинг рекорди – 19-0 эди. Дастлабки икки йилида Амосов учта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонди. Шу тариқа, унинг натижаси 2020 йилга келиб 22-0 га етди. Шу йилнинг 21 февралида украиналик жангчи NSAA'нинг уч карра чемпиони, кураш устаси Эдом Рутга қарши октагонга кўтарилди. Америкалик Амосовга қарши жангидан аввал Беллаторда саккизта баҳсидан биттасида мағлуб бўлганди. Бироқ, киевлик рақибини очколар ҳисобига кўра мағлуб этди. Ғалабадан сўнг Амосов ММА фахрийси, UFC камарига собиқ даъвогар Жон Фитчга қарши октагонга кўтарилиши керак эди. Лекин, жангга оз вақт қолганда номаълум сабабга кўра бекор қилинди. Шунга қарамасдан, Ярослав ёзда октагонга қайтишга эришди. У 21 августда Bellator 244 турнирида Марк Леммингерни муддатдан аввал мағлуб этди. Бу ғалаба 2020 йил учун охиргиси бўлмади. 27 ёшли жангчи 12 ноябрь Беллатор 252 кечасида енгилмас спортчи Логан Сторли(11-0)га қарши баҳс олиб борди. Уч раундга мўлжалланган тўқнашув тўлиқ давом этди. Дастлабки икки раундни ўз фойдасига ҳал қилган Амосов учинчи раундда жиддий қаршиликка учради. Шунга қарамасдан, ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди. Бу унинг фаолиятидаги энг қийин ғалабаси эди. Ғалабага қандай эришганига қарамасдан, 2020 йилда Амосов бевосита камарга даъвогарлик қилаётган уч жангчини мағлуб қилишга эришди. Бу ғалабалари учун Bellator'нинг энг яхши жангчиси бўлишга ҳақли.
2021 йил учун режалар…
Келаётган йил Ярослав учун ҳақиқий ўсиш бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан Амосов навбатдаги жангини ташкилотнинг яримўрта вазн чемпиони Дуглас Лимага қарши ўтказади. Ярославнинг ўзи ҳам бир неча бор Лимага қарши жанг қилиш истаги борлигини айтди.
“Олтита муваффақиятли жангимдан сўнг, чемпионлик баҳсига ҳақлиман деб ўйлайман. Вазнимдаги жангчилар орасида фақатгина мен тўққиз ой ичида учта жангда иштирок этдим. Яна ким бундай натижага эришди? Менга камар керак. Агар кейинги жангим чемпионлик учун бўлса, мен уни қўлга киритаман»,-деди Амосов.
Кўриб турганингиздек, Ярослав нафақат кучли ва истедодли жангчи балки ҳурматга лойиқ инсон. Яқин вақт ичида у чемпион бўлиши мумкин, шунингдек, «украиналик Хабиб” номини тўлиқ оқлаши мумкин. Чеченистонлик чемпионнинг натижаси 29-0. Ҳозирча, Амосовда 24 та ғалаба мавжуд. Хабибнинг натижасини такрорлаш учун эса 4 та ғалабали баҳс қолди.
Умид қиламизки, Ярослав учун 2021 йил омадли келади ва у бекорга "украиналик Хабиб" номини олмаганини исботлайди…
Фикрлар