06 авг 18:12
Янгиликлар
Токио-2020. Бекзод Абдураҳмоновда бронза, каноэчи қизларимизда эса медалга имконият бор
Кун давомида Олимпиадада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокларига оид маълумотларни ушбу саҳифада онлайн равишда кузатиб бориш мумкин бўлди.
Бугун спортчиларимиз қуйидагича натижаларни қайд этишди:
Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова (жуфтлик) - ярим финал баҳсларига йўл олишди
Бадиий гимнастика: Екатерина Фетисова - 26 нафар спортчи ичида 24-ўрин
Эркин кураш: Бекзод Абдураҳмонов - БРОНЗА МЕДАЛИ
Эркин кураш: Магомед Ибрагимов - илк босқичда мағлубият
Замонавий бешкураш: Алисэ Фахрутдинова (36 спортчи ичида 30-ўрин)
16:51. Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчиларнинг бугунги иштироклари ўз якунига етди.
16:49. Бешкурашчимиз Алисэ Фахрутдинова Олимпиададаги иштирокини якунлади. У 36 нафар спортчи ичида 30-ўринни эгаллади.
15:47. Бу Ўзбекистон учун Олимпиададаги тўртинчи медаль бўлди! Бунгача спортчиларимиз 2 та олтин ва 1 та бронза медалларига эга чиқишганди!
15:44. ҒАЛАБА! Бекзод Абдураҳмонов қозоғистонлик рақибини 13:2 ҳисобида мағлубиятга учратди ва бронза медалини қўлга киритди! Муддатидан олдин ғалаба!
15:33. Бекзод Абдураҳмоновнинг бронза учун баҳси бошланмоқда. Рақиб - қозоғистонлик Данияр Кайсанов.
15:21. Алисэ Фахрутдинова бешкурашда чавандозлик йўналишидан сўнг 30-ўринга тушди.
15:03. Магомед Ибрагимовнинг туркиялик рақиби ярим финалда мағлуб бўлди. Шу тариқа, Магомед бронза учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлди.
14:29. Екатерина Фетисова 26 нафар спортчи ичида 24-ўринни эгаллаган ҳолда Олимпиададаги иштирокини якунлади. Агар у кучли ўнликка кирганида медаллар учун курашни давом эттирарди. Аммо, лекин, бироқ...
14:02. Екатерина Фетисова тасмадаги машқларини ҳам тугатди. У умумий ҳисобда 75.500 балл жамғарди.
13:19. Бекзод Абдураҳмоновнинг жангига оз вақт қолмоқда. У соат 15:35да қозоғистонлик Данияр Кайсановга қарши баҳс олиб боради.
12:41. Бешкурашчимиз Алисэ Фахрутдинова 36 спортчи ичида 23-ўринни эгаллаб турибди.
12:02. Екатерина Фетисова булавадаги машқларни якунлади. 18.350 балл. Охирги эмасмиз.
10:50. Алисэ Фахрутдинова замонавий бешкураш баҳсларининг 200 метрга сузиш йўналишида 2:16.45 натижа билан ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллади.
10:10. Фетисова ҳалқа билан чиқиш машқларида 19.800 балл тўплади.
9:01. Ибрагимовни мағлубиятга учратган туркиялик курашчи чорак финалда қозоғистонлик рақибини мағлубиятга учратди.
8:11. Магомед Ибрагимов 1/8 финалда туркиялик рақибга қарши баҳс олиб борди ва 3:3 ҳисобида дуранг қайд этди. Охирги бални туркиялик спортчи олган эди. Шу сабабли ҳам ғалаба турк спортчисига берилди.
7:55. Бироздан сўнг эркин курашчимиз Магомед Ибрагимов туркиялик Сулейман Караденизга қарши баҳс юритади. Беллашув бошланишига оз вақт қолмоқда.
7:44. Каноэчиларимиз Нилуфар Зокирова ва Дилноза Раҳматова ўз гуруҳларида маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва ярим финалга йўл олишди. Жуда яхши! Медаль учун имконият бор. Ярим финал ва финал эртага ўтказилади.
7:37. Бадиий гимнастика. Екатерина Фетисова ўз чиқишини бошлади. У тўп билан машқ бажарди ва 19,400 балл тўплади. Жуда паст натижа. Машқ давомида у тўпни тушириб юборди. Уни олдинда яна учта йўналишда чиқишлар кутиб турибди.
7:12. Бекзод Абдураҳмонов Гвинея-Биссау курашчиси Мидана Аугистони катта устунлик билан муддатидан олдин мағлубиятга учратди ва бронза медали учун курашиш имкониятига эга бўлди. Энди Бекзод кундузи қозоғистонлик Данияр Кайсанов билан бронза медали учун беллашади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан тахминан 15:35дан кейин бошланади.
6:57. Эркин кураш баҳслари бошланмоқда. Бироздан сўнг Бекзод Абдураҳмонов бронза учун ўтиш баҳсида Гвинея-Биссау курашчиси Мидана Аугисто билан тўқнаш келади.
6:20. Бадиий гимнастика баҳслари бошланди. Унда Екатерина Фетисова иштирок этади. Бунгача бадиий гимнастикачимиз Сабина Ташкенбаева Олимпиадада қатнашиши ҳақида маълум қилинганди. Бироқ Сабина коронавирусга чалинди ва афсуски Олимпиадада қатнаша олмайди. Шу сабабли ҳам жаҳон рейтинги бўйича лицензия Фетисовага берилди.
5:51. Каноэчиларимиз Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлик баҳсларида 500 метрга эшкак эшишди. Улар 7 жамоа ичида тўртинчи бўлиб маррага етиб келишди. Энди улар 7:20дан сўнг чорак финалда стартга чиқишади. Чорак финалда кучли учликка кириш - спортчиларимиз учун медаллар учун курашиш имкониятини беради.
5:49. Ассалому алайкум ҳурматли спорт ишқибозлари. Ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокига бағишланган матнли трансляциямизни бошлаймиз.
6 август куни Олимпиадада қатнашадиган ўзбекистонлик спортчилар:
5:30 - Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова (жуфтлик)
6:20 - Бадиий гимнастика: Екатерина Фетисова
7:00 - Эркин кураш: Бекзод Абдураҳмонов
7:55 -Эркин кураш: Магомед Ибрагимов
10:35 - Замонавий бешкураш: Алисэ Фахрутдинова
Соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган
Фикрлар