29 авг 20:40
Янгиликлар
Ажойиб! Ҳумоюн Султонов принципиал рақибини енгиб, Rafa Nadal Open чорак финалига йўл олди
Мукофот жамғармаси 74,825 еврони ташкил этувчи Rafa Nadal Open by Movistar турнирида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси — Ҳумоюн Султонов ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.
Квалификация босқичида биринчи рақам остида таснифланган Ҳумоюн Султонов 1/2 финалда италиялик Фабрицио Андалорони 6/3, 6/1, финал учрашувида эса рейтингнинг 493-поғонасида бораётган франциялик Саша Геймар Вайенбургни 6/4, 6/4 ҳисобида таслим этганди. Асосий тўрнинг 1/16 финал босқичида франциялик 21 ёшли Робин Бертранга қарши кечган беллашувда ҳамюртимиз 6/2, 6/7(4), 6/4 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Бугун эса 25 ёшли теннисчимиз асосий тўрнинг нимчорак финал босқичи доирасида белгиялик Рафаэль Коллиньонга қарши кортга чиқди. Олтмиш саккиз дақиқа давом этган баҳсда Султонов 6/3, 6/4 ҳисобида зафар қучди.
Таққослаш учун, Ҳумоюн Султонов ATP рейтингида 264-ўринни эгаллаб турибди. Коллиньон эса 199-ўриндан жой олган. Бу теннисчилар учун ўзаро иккинчи ўйин бўлди. Июль ойида ўтказилган дастлабки учрашувда Рафаэлнинг қўли баланд келган эди.
Фикрлар