14 фев 19:27
Янгиликлар
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Ҳайъат йиғилиши ўтказилиб, аниқ вазифалар белгиланди
Унга Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов раислик қилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг котибият мудири Обид Қудратов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Рашид Толиповлар ҳам қатнашди. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари, барча спорт таълим муассасаларининг директорлари жойлардан видеоконференц алоқа тарзида иштирок этишди.
Ҳайъат йиғилиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш масалаларига бағишланди.
Маълумки, 2021 йил 3 февралда давлатимиз раҳбарининг ПФ—6155-сон Фармони билан 2021 йилги давлат дастури қабул қилинди. Давлат дастурининг асосий мақсади — ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.
Давлат дастурининг тўғридан-тўғри 7 та бандида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳам аниқ вазифалар белгиланган.
Жумладан, Давлат дастурининг 206-бандида, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этишга қаратилган “Спортни сев, спорт билан яша!”, “Биз – Янги Ўзбекистон ёшларимиз”, “Биз бир жамоамиз” шиорлари остида оммавий спорт фестиваллари, шунингдек, “Мактаблар футбол лигаси”, “Спорт мактаблари футбол лигаси” каби спорт тадбирлари ва мусобақаларини тизимли ўтказиш белгиланган.
Афсуски айрим жойларда спорт тадбирлари расмиятчилик учун ўтказилаётгани, ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилмагани, кенг оммани соғлом турмуш тарзига жалб этиш борасидаги ишлар қониқарсиз эканлиги айтиб ўтилди.
Ҳайъат йиғилишида ҳудудий бошқармаларга оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш, жойларда “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтиш борасида аниқ кўрсатмалар берилди. Шунингдек, спорт иншоотларининг фойдали иш коэффициентини янада ошириш, бу борада Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларнинг спорт залларидан максимал даражада самарали фойдаланиш кераклиги таъкидланди. Чунки, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари барча ҳудудларга ҳам кириб бормаган, умумтаълим мактаблари эса барча ҳудудларда мавжуд.
Давлат дастурига мувофиқ, аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар қамровини ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказиш белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун ҳудудий бошқармалар бошлиқлари аҳолининг барча қатламини қамраб оладиган оммавий спорт тадбирлари ўтказилишини таъминлаш бўйича жойларда ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳларни ташкил этиши лозим.
Шунингдек, спорт тадбирларини йил давомида “маҳаллабай” тизимида ўтказилишини ташкил этиш режаси, низоми, ўтказиш муддатлари ва механизми акс этган методик қўлланма ишлаб чиқилади ва ушбу қўлланмалар ҳар бир маҳаллага етиб бориши таъминланади.
Йил давомида оммавий спорт тадбирлари ўз вақтида ва юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида спорт турлари бўйича федерацияларнинг қуйи бўғинлари ҳамда корхона-ташкилотларнинг “Спорт тарғиботчи”лари билан ҳамкорлик кучайтирилади. Ҳудудий бошқармалар раҳбарлари фаолияти йил охирида рейтинг тизими асосида баҳоланади. Бунда асосий эътибор оммавий спорт тадбирларини ташкил этилиши ҳамда олий спорт натижаларига қаратилади.
2021 йилдан эътиборан аҳоли орасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш ва рағбатлантириш тизимини йўлга қўйилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Лойиҳа ҳақида қисқача тўхталсак, энди ҳар йили спорт синовлари мамлакатимиздаги мавжуд барча маҳаллалар, вазирлик ва идоралар кесимида мунтазам ўтказиб борилади. Жойларда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этишни баҳолаш бўйича миллий рейтинг тизими жорий этилади.
Спорт синовларининг ғолиб ва совриндорлари I, II, ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирланади ҳамда уларга тегишли спорт разрядлари ва унвонлари берилади. Қолаверса, ғолиб ўқувчиларга “Темурбеклар мактаби”га имтиёзли кириш, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўловлар бўйича 50 фоизлик чегирмалар берилиши ҳам кўзда тутилган.
Дастурда спортнинг юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) турларини оммалаштириш ва ривожлантириш мақсадида ҳар бир маҳалла ва туман(шаҳар)ларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шароит яратиш белгиланган.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 104 млрд. сўм ажратилиши белгиланган. Бу борада Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаш, маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш, барпо этилаётган спорт майдончаларининг узоқ муддат ва самарали ишлашини ташкил этиш мақсадида унинг сифатига жиддий эътибор қаратиш кераклиги уқтирилди.
Жисмоний тарбия ва спорт муассасалари ҳамда 16 мингта мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларини спорт жиҳозлари билан таъминлаш ҳам Давлат дастурида алоҳида қайд этилган. Спорт жиҳозларини харид қилишда уларнинг сифатига ҳам жиддий эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Жорий йил мамлакатимиз спортчилари олдида турган энг нуфузли мусобақа – бу Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларидир. Дастурда спортчиларимизнинг ушбу мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўриши ва муносиб иштирок этиши учун зарур чораларни кўриш ҳам белгиланган. Бу борада, ҳар 15 кунда спортчиларнинг Олимпиадага лицензияни қўлга киритиш жараёни муҳокама қилиб борилади, спортчи ва тренерлар билан шахсан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилади.
Иккинчидан, миллий терма жамоаларимиз томонидан шу йил 25 июнгача 49 та халқаро лицензион мусобақада иштирок этиб, 26 та спорт тури бўйича 68 та лицензияни қўлга киритиш чоралари кўрилади.
Маълумки, 2025 йилда Ўзбекистон ўсмирлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Давлат дастурида ушбу мусобақани ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш вазифаси белгиланган.
Ушбу мақсадга эришиш учун аввало, 20 майгача Ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрида мавжуд спорт иншоотлари, логистика, транспорт, меҳмонхона инфратузилмалари таҳлил қилиниб, чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда йирик Осиё ўйинларини ўтказиш учун талаб этиладиган тегишли қўшимча инфратузилмалар ва объектлар рўйхати шакллантирилади, уларнинг қурилиши ҳажмлари ва қийматлари аниқланади. Шунингдек, Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган спорт турлари аниқланади. Йил давомида Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия Кенгаши ҳамда халқаро ва Осиё федерациялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилади. Осиё ўйинларини ўтказган давлатларнинг энг яхши тажрибалари асосида Тошкентда ўтказиладиган Осиё ўйинларининг бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Бу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг кенг қатлами, айниқса уюшмаган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, спортнинг оммавийлигини янада оширишдан иборат.
Ҳайъат йиғилишида вазирлик тизимида ижро интизоми масаласи ҳам кўриб чиқилди ва бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Ўз навбатида Ҳайъат йиғилишида ҳудудий бошқармалардан Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғ.Байниязов, Сурхондарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи А.Арабов, Сирдарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи И.Ўроқов, Наманган вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи А.Тўйчиев ҳисоботларда келтирилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор М.Болтабоев ҳам соҳада кадрлар билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифларини билдирди.
Ҳайъат йиғилиши якунида билдирилган фикрлар ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ҳамда аниқ вазифалар белгиланди.
Фикрлар