03 окт 16:24
Янгиликлар
Ўзбекистондаги футбол мавсумини "куз-баҳор" форматига ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда
Улар орасида клублар футболи мавсумини ўзгартириш режаси илк бор кун тартибига олиб чиқилди.
Бу ҳозирча фақатгина ўрганишларни бошлаш учун хизмат қилиши тушунтириб ўтилди. ОФК клублар миқёсидаги мусобақаларни ўтказишда конфедерациянинг географик жиҳатдан катталигини инобатга олган ҳолда, уларни икки минтақага бўлишни афзал билади. Ғарбий минтақада иштирок этадиган мамлакатлар кесимида олиб қаралса, биз учун асосий рақибларнинг деярли барчаси куз-баҳор форматида мусобақалар ташкил этади. Бу тенденция сўнгги йилларда янада авж олаётганидан келиб чиқиб, Япония ҳам ўз ички мусобақаларини куз-баҳор форматига ўтказди. Яқин келажакда Хитой, Жанубий Корея, Ўзбекистон каби мамлакатларда ҳам мазкур мавзуни атрофлича таҳлил қилиш зарурати вужудга келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Лига биринчи қадам сифатида клублар билан шу хусусда фикр алмашишни бошлади. Яқин келажакда биз куз-баҳор формати масаласида:
• футбол майдонлари парвариши учун масъул бўлган агрономлар ва бошқа мутахассислар;
• кўп йиллик тажрибага эга футбол мураббийлари;
• Ассоциация раҳбарияти;
• Спорт вазирлиги ва шунинг баробарида ҳукуматнинг бошқа масъул ташкилотлари билан фикр алмашишни режалаштирганмиз.
Лига мусобақалар форматини бу кўринишда ўзгартиришнинг турли таваккалчиликларини инобатга олган ҳолда кеча ўтиш даври лойиҳасини тақдим этди. Бунда йиллар шартли равишда кўрсатилган бўлиб, юқорида қайд этилган кетма-кетлик доирасида якдил хулосага келинса, форматни ўзгартиришнинг аниқ мавсуми ўзгариши ҳам мумкин.
Биз, биринчи навбатда, мавжуд футбол майдонларидаги ҳолат ва албатта иқлим шароитларидан келиб чиқишга ҳаракат қилдик. Яъни, лойиҳадаги даврларга эътибор қаратилса, шу кунгача бўлгани каби ёз ва қиш чилласида футбол учрашувларини ўтказиш масаласи ҳозирча Лига режаларидан ўрин олмаган. Бунда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:
• ички мусобақалар августнинг иккинчи ярми ўтиб старт олади, бу ёз чилласидан кейинги даврда футбол майдонлари ўзини қисман тиклаб олишига имконият беради;
• биринчи давра учрашувлари декабрнинг дастлабки 10 кунлигига қадар давом этади ва ойнинг қолган қисмида Ўзбекистон кубоги учрашувлари ўтказилади (сўнгги ўрганишлар декабрнинг биринчи қисмида футбол учрашувларини ташкил қилиш имконияти юқори эканлигини кўрсатади);
• иккинчи давра учрашувлари феврал ойининг учинчи декадасидан эътиборан старт олади (Элит ОЧЛда тўп сураётган клубларимиз феврал ойи бошиданоқ мавсумга қайтишига тўғри келмоқда ва умуман февралнинг сўнгги декадасида миллий чемпионатга старт беришнинг имкониятлари жуда паст эмас);
• мавсумнинг энг кулминацион қисми мамлакатдаги стадионлар ўзининг энг оптимал ҳолатига кирган паллага тўғри келади;
• ўтиш даврида футбол клубларининг ҳамда футболчиларнинг спорт формасини инобатга олган ҳолда, март-май ойларида Суперлига ва Пролига клублари учун алоҳида ҳамда У21 жамоалари ва Биринчи лига клублари учун алоҳида кубок мусобақаси ўтказилади, бунда ҳар бир иштирокчига минимум 8 тадан учрашув кафолатланади (бу кўрсаткич юқорироқ бўлиши учун ҳаракат қилинади).
Футбол мактаблари ва академияларига қабул жараёнлари ўқув йили билан параллел ҳолатда эканлигидан келиб чиқилса, мавсумий форматнинг ўзгариши футболчиларнинг ўтиш жараёнларини умумлаштиришга ҳам хизмат қилиши мумкин. Лига ва клубларни ўйлантираётган энг асосий масала айни вақтда клубларнинг молиявий хўжалик фаолиятини юритишда унинг спорт мавсуми бўйича эмас, балки календар йили билан мутаносиб келиши масаласидир. Шундан келиб чиқиб, мазкур режа ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукумат ва унинг тегишли ташкилотлари билан атрофлича муҳокама қилиниши зарур ҳисобланади.
Лига биринчи навбатда клублар позициясини ўрганади. Шундан кейин юқоридаги кетма-кетлик бўйича учрашувлар ташкил қилади. Ҳар бир ўрганиш, хулоса, юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий муаммолар ва бошқа масалалар атрофлича ёритиб борилади.

Фикрлар