31 июл 10:40
Янгиликлар
Тасмурадов ва Абдуллаев ўз рақибларини билиб олишди
Бироз аввал юнон-рум кураши бўйича 60 ва 130 кг вазн тоифалари беллашувларига қуръа ташланди.
Эртага, 1 август куни юнон-рум курашида айнан шу вазнларда саралаш баҳслари бўлиб ўтади. 60 кг вазнда Рио-2016 Олимпиадасининг бронза медали совриндори Елмурат Тасмурадов, 130 кг вазнда эса ўзининг учинчи Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Мўминжон Абдуллаев юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Қуръа натижасига кўра, Тасмурадов 1/8 финалда асли Олмалиқда туғилган, ҳозирда Украина шарафини ҳимоя қилаётган, жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори 32 ёшли Ленур Темировга қарши гиламга чиқади. Ушбу жуфтлик ғолиби 1/4 финалда арманистонлик Армен Меликян ёки эронлик Нежати билан тўқнаш келади.
Осиё ўйинлари ғолиби Мўминжон Абдуллаев эса 1/8 финалда эстониялик 24 ёшли Артур Вититин билан беллашади. Абдуллаев ғалаба қозонган тақдирда чорак финалда чилилик Акоста Фарна ёки тунислик Гуэнничига қарши баҳс олиб боради.
Фикрлар