07 авг 17:18
Янгиликлар
Токио-2020. Ўзбекистонлик спортчиларнинг 7 август кунги иштироки якунланди
Кун давомида Олимпиадада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокларига оид маълумотларни ушбу саҳифада онлайн равишда кузатиб бориш мумкин бўлди.
Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова (жуфтлик) (Б финалда 3-ўрин)
Бадиий гимнастика: гуруҳ баҳслари (саралашда 9-ўрин)
Замонавий бешкураш: Александр Савкин (32-ўрин)
Енгил атлетика: Сафина Садуллаева (финал, 6-ўрин)
Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчиларнинг бугунги иштироки якунланди.
17:17. Сафина Садуллаева 1.98 метр баландликни забт эта олмади ва мусобақадаги иштирокини медалсиз якунлади. Спортчимиздан ёмон бўлмаган иштирок.
17:02. Сафина 1.93 ва 1.96 м баландликни бажарди ва ўз шахсий рекордини такрорлади.
15:56. Сафина баҳсларга 1.89 м. баландликдан қўшилди. У дастлабки уринишдаёқ ушбу баландликни забт этди.
15:42. Енгил атлетиканинг баландликка сакраш баҳслари бошланди. Унда ҳамюртимиз Сафина Садуллаева медаллар учун кураш олиб боради.
15:23. Сафина Садуллаеванинг финал баҳсига оз вақт қолмоқда.
15:09. Бешкурашчимиз Александр Савкин чавандозлик баҳсларидан сўнг 31-ўринга кўтарилди. Сўнгги чиқиш олдидан Савкинда 718 очко бор. Бироздан сўнг сўнгги босқич бошланади.
13:41. Савкин чавандозлик йўналишида 279 очко жамғарди.
11:49. Бешкурашчимиз Александр Савкин сузиш баҳсларида қатнашди. У 200 метрга сузиш беллашувларида 2:06.64 натижа кўрсатди ва 297 очко тўплади. Ушбу натижадан сўнг Савкин 36-ўриндан 35-поғонага кўтарилишга эришди. Маълумот учун, бешкураш баҳсларида 36 нафар спортчи қатнашмоқда.
8:53. Афсуски, гимнастикачи қизларимиз учун саралаш баҳслари аламли тарзда якунланди. Вакилаларимиз саралашни 9-ўринда тугатишди. Агар яна бир балл қўлга киритилганида биз кучли саккизликка илинардик ва финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритардик. Мезбон фактори бу ерда роль ўйнади дейишимиз мумкин. Японияликлар финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Бизникилар захирада. Агар финалга йўл олган иштирокчилар билан қандайдир ҳолат рўй берадиган тақдирда, қизларимиз финалга чиқишлари мумкин. Аммо, бу 0, 001 фоиз эҳтимолда.
7:57. Яна бир маълумот: гимнастикачи қизларимизни гуруҳ машқларига тайёрлаган мураббий Екатерина Пирожкова коронавирус сабаб бугун Олимпия ўйинларида иштирок этмади. Қизларимиз ўз мураббийларисиз Олимпиадада чиқиш қилишди.
7:52. Гимнастикачиларимиз иккинчи чиқишларини якунлашди. 36.900 балл билан. Энди қолган жамоаларнинг иштирокини кутамиз. Умид қиламизки, қизларимиз ТОП-8да қолишади ва финал баҳсларига йўлланмани қўлга киритишади.
7:38. Каноэчи қизларимиз Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова Б финалда маррага учинчи бўлиб етиб келишди. Шу тариқа, қизларимиз Олимпиадада умумий ҳисобда 11-ўринни эгаллашди...
7:11. Гимнастикачиларимиз дастлабки чиқишни 5-ўринда якунладилар. Бироздан сўнг иккинчи машқлар бошланади. Иккинчи машқ якунига кўра қизларимиз кучли саккизликда қола олишса, эртага ўтказиладиган финал баҳсларига йўлланмани қўлга киритишади.
6:39. Бадиий гимнастика баҳсларида 14 та терма жамоа иштирок этмоқда. Қизларимиз биринчи чиқиш (тўп билан машқлар) якунига кўра 42.100 балл жамғаришди.
6:12. Бадиий гимнастикачиларимиз жамоавий машқларда ўз иштирокларини бошлашди.
5:51. Каноэчи қизларимиз Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова 5 та жамоа ичида маррага бешинчи бўлиб етиб келишди ва афсуски медаллар учун кечадиган финалга йўл олишмади. Улар энди бироздан сўнг 9-ўрин эгасини аниқлаб берувчи баҳсларда стартга чиқишади.
5:49. Ассалому алайкум ҳурматли спорт ишқибозлари. Ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокига бағишланган матнли трансляциямизни бошлаймиз.
Кун давомида қуйидаги спортчиларимиз Олимпия ўйинларида иштирок этишади:
5:30 - Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова (жуфтлик)
6:00 - Бадиий гимнастика: гуруҳ баҳслари
7:35 - Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова (жуфтлик, финал)
10:35 - Замонавий бешкураш: Александр Савкин
15:35 - Енгил атлетика: Сафина Садуллаева (финал)
Соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган
Фикрлар