12 ноя 19:23
Янгиликлар
Майк Тайсон Жейк Полга қарши! Жанг атрофидаги деталлар ва тафсилотлар билан яқиндан танишинг
58 ёшли Тайсон ва 27 ёшли Пол ўртасидаги катта ёш фарқига қарамай, Техас штатининг Спорт комиссияси ушбу учрашувни расмий профессионал бокс жанги дея тасдиқлади. 15 ноябрда собиқ оғир вазн бўйича жаҳон чемпиони Майк Тайсон 2005 йилда карьерасини тугатганидан сўнг деярли йигирма йил ўтиб, рингга қайтади. Бу афсонавий боксчининг 59-профессионал учрашуви бўлади. Ҳатто саломатликдаги муаммолар ҳам Тайсонни 2024 йилнинг энг катта спорт тадбирларидан бири бўлиб ўтадиган жангга қайтишдан тўхтатолмади.
Жангнинг тарихи ва биринчи эълон
Ўтган йилнинг охирида дунёнинг энг йирик стриминг хизматларидан бири бўлган Netflix Жейк Пол билан унинг боксчи учрашувларини трансляция қилишни муҳокама қила бошлади. Netflix илгари ўз фойдаланувчиларига спорт трансляцияларини таклиф қилмаган эди ва эҳтимол, шунинг учун улар Майк Тайсон билан жангни эълон қилишни қарор қилишди. Майк ўзининг энг яхши йилларида нафақат бокс, балки спорт дунёсида ҳам машҳур бўлган шахс эди.
7 мартда Netflix ва Жейк Полнинг Most Valubale Promotions промоутерлик компанияси Тайсон билан жангни эълон қилди. Жанг 20 июлда АҚШнинг Арлингтон шаҳридаги 80 минг ўринли АТ&Т Стадиумда бўлиб ўтиши керак эди.
Темир Майк бу ҳақда шундай деди: "Мен ҳеч қандай иккиланмасдан қарор қилдим, – деди боксчи жангга тайёргарлик ҳақида. – У янги бошловчи, катта саҳнага кириб келган. Мен боксни пойдеворидан титратмоқчиман. Ва мен айнан ҳозир буни амалга ошириш арафасидаман”. Тайсон жангга нисбатан ўз фикрини давом эттириб, "У менга қарши рингга чиққанда, унга ҳаёти шу жангга боғлиқдек курашишига тўғри келади. Чунки шундай бўлади," деди афсона.
Кўпчиликнинг фикрича, бу саккиз раундли учрашув намойиш мақсадида бўлиши керак эди, аммо апрель ойида ташкилотчилар Техас штатида бокс кечасини ўтказиш учун рухсат олишга киришди ва апрель охирида Штатнинг лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти жангни расмий профессионал бокс жанги бўлиши учун тасдиқлади.
Жейк Пол эса шундай деди: "Майк бу жангни расмий жанг бўлишини хоҳлади. У жанг қилишни истайди ҳамда мен бу ҳислатни ҳурмат қиламан. Уни бу жангга розилик беришига ва мени енгишга тайёрлигига ҳурмат билан қарайман. Бу барча профессионал боксчилар хоҳлаган нарса. Агар Майк буни амалга оширса, у қаҳрамон бўлади”.
"Мен барчага Тайсонни енгишга қодир эканлигимни кўрсатмоқчиман, уларнинг ҳаммаси нотўғри фикрда эканлигини исботлашни хоҳлайман ва айнан буни амалга ошираман, деб қўшимча қилади Пол. – Мен Майкка ким кучлироқ эканлигини кўрсатиб бераман, чунки у мени паст баҳолайди, лекин мен кучлироқлигимни исботламоқчиман”.
Тайсонинг касаллиги ва жангнинг кечиктирилиши
26 майда оммавий ахборот воситаларида Майк Тайсон Лос-Анжелесда самолётда Майами шаҳридан келганида тез ёрдам билан касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо боксчининг вакиллари унинг саломатлиги яхшилиги ва бу фақат ошқозон яраси ҳужуми бўлганлигини, самолётдан қўнишдан ярим соат олдин юзага келганини маълум қилдилар.
Шифокорлар 57 ёшли Тайсонга жисмоний юкламалардан сақланишни қатъиян тавсия қилдилар, бу эса жангнинг расмий профессионал бокс жангига айланишига нисбатан саволларни келтириб чиқарди. Техаснинг спорт идоралари 57 ёшли собиқ чемпионнинг соғлиғини янада диққат билан текшириши ва ҳатто жангни бекор қилишни ўйлаб кўриши кераклиги ҳақида ҳам фикрлар бўлди.
Бироқ, 7 июнда жангнинг 15 ноябрга кўчирилгани эълон қилинди. Жейк Пол эса 20 июлда аралаш жанг санъати (ММА) бўйича машҳур жангчи Майк Перрига қарши жанг ўтказиб, уни олтинчи раундда техник нокаут билан мағлуб этди.
“Мен буни қилишимнинг сабаби, бунга қодирман, деди Тайсон жанг кечиктирилганидан сўнг. — Мендан бошқа ким бу ишни қила олади? Ким яна бундай жанг ўтказиши мумкин? Блогер энг буюк боксчига қарши жанг қилмоқда. У яхши кичик боксчи, лекин фақат 10 та жанг ўтказди. Бизнинг ишимизда бундайлар дебютант деб ҳисобланади”.
Тайсонинг сўзларига кўра, у ҳар куни саккиз раунд спарринг қилади ва унга мотивация бераётган нарса шундаки, эски йилларда ўзини рингда кўриш учун бутун футбол стадиони тўпланган бўларди.
“58 ёшимда энг катта аренада жанг қиламан ва у sold out бўлади, яна ким буни қила олади? Бу шуни англатадики, мен яхшироқ чиқиш қилишим керак. Бу илҳомлантиради”, дейди Темир Майк. Аммо Жейк Пол рингда Майк Тайсонинг собиқ шафқатсизлигини кутишдан қўрқмайди.
“Мен бу эски “калтакчи”га шартнома таклиф қилдим. Биз Netflix билан шартнома туздик ва унга таклиф бердим, деди Пол. — Хуш келибсан, ўғлим. Мен сени ўғлим каби жазолайман. Бу "кимдан бошқа" ҳикоясини тугат. Биз сенга шу шартномани бердик. Буни унутма”.
“Бу ерда мен ўзимга қарши чақириқ қўйяпман. У ёвуз, у "қотил", мен буларнинг ҳаммасини биламан. У битта уриш билан нокаут қилишга қодир. Энг буюк оғир вазнли боксчи. Аммо 15 ноябрда мен барча танқидчиларни, буларнинг ҳаммасини "блогер" деган гаплар билан, рад этаман. Мен доимо шундай қилиб келяпман”, деди Жейк Пол.
5 миллион долларлик пари
Жанг олдидан Жейк яна ўзининг машҳур усулига мурожаат қилиб, Майк Тайсонга пари таклиф қилди, унинг шартларидан бири — агар у мағлуб бўлса, “Мен Жейк Полни севаман” деган сўзлар билан татуировка қилиш.
“Майк, агар сен менга қарши тўрт раунддан кўпроқ вақт туриб бера олсанг, мен сенга қўшимча 5 миллион доллар бераман, — дейди Пол ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеода. — Аммо агар чидай олмасанг, сен "Мен Жейк Полни севаман" деган татуировка қилишинг керак. Келишдикми?”
Жанг тафсилотлари ва қоидалар
Майк Тайсон ва Жейк Пол ўртасидаги жанг расмий профессионал жанг бўлади ва 8 раунд давом этади. Ҳар раундда икки дақиқа бўлади (одатий уч дақиқалик ўрнига) ва натижалар боксчиларнинг жанг рекордига киради. Шунингдек, боксчилар хавфсизликни ошириш мақсадида 14 унциялик қўлқоплар кийишади, чунки ёшдаги фарқ жуда катта.
Учрашув 15 ноябрда АҚШнинг Арлингтон шаҳридаги АТ&Т Стадиумда ўтказилади. Ушбу стадион 80 000 кишига мўлжалланган ва имкон бўлса, 100 000 кишига кенгайтирилиши ҳам мумкин. Бу стадионда илгари ҳам катта бокс оқшомлари ўтказилган. Арлингтонда Эррол Спенс, Мэнни Пакьяо ва Сауль Алварез жанг қилган.
Жанг бўйлаб жадваллар биринчи марта Netflix стриминг хизмати орқали қўшимча тўловсиз томошабинларга тақдим этилади. Жангнинг тўғридан-тўғри трансляцияси 16 ноябрь куни Тошкени вақти билан соат 10:00да бошланади.
Майк Тайсон ва Жейк Полнинг жангга бўлган прогнозлари
Леннокс Льюис, сабиқ мутлақ жаҳон чемпиони ва Майк Тайсоннинг собиқ рақиби:
“Бу ёшда бокс қилиш, рингда ҳаракатланиш, уршиш ва ўзаро зарба бериш қийин, лекин менимча, у буни уддалай олади. Мен ўйлайманки, Жейк Полга қийинчиликлар туғилади, чунки Майк Тайсон корпус ва бошга яхши зарба бера олади. Рингда буни амалга ошира оладими, кўрамиз. Унга умидим бор. Майк Тайсон рингни кесиб ўтади ва зарба беради, шундай қилиб Жейк Полга етиб бора олади. Мен ишонаманки, Пол рингда ҳаракатчан бўлади. У аниқ Тайсондан зарба қабул қилмаслик учун туриб қолмайди. Мен бу жангда бўламан ва бу қизиқ бўлади”, дейди боксчи.
Рой Жонс, собиқ мутлақ жаҳон чемпиони:
“Шахсан мен Майкнинг ғалабасини қўллаб-қувватлайман ва уни судьяларнинг қарори билан ғалаба қозонишини ўйлайман. Агар унинг нокаут қилиш имконияти бўлса, у буни амалга ошира олади. Агар уфақат жангдан хурсанд бўлишни истаса, у барча раундларни ўтказади”.
Американлик промоутер Боб Арум:
«58 ёшдагилар, улар қандай яхши ва атлетик бўлмасин, бокс қилиши қийин. Уларнинг зарбалар бериш қобиляти илгари каби бўлмайди. Унга зарар етмаслигини умид қиламан, лекин мен унинг имкониятларига ишонмайман. Ёшликдаги мушак хотираси вақт ўтгач, йўқолади».
Экс-чемпион ва Майк Тайсоннинг собиқ рақиби, Жеймс «Бастер» Дуглас:
«Жек учун бу жанг ёмон тугайди. Бу жангдан кейин унинг бокс карьераси давом этмайди деб ўйлайман. Майк уни енггандан сўнг унинг бокс карьераси тугаган бўлади. Пол учун энг яхши натижа – охирги раундгача бориш, шунинг билан Майк Тайсонга қарши бутун жангни ўтказганини мақтаниб айтиши мумкин».
Шу билан бирга, Майк Тайсон ва Жек Пол орасидаги жанг нафақат спорт воқеаси, балки шунчаки спектакль бўлиши мумкин, деб кўпчилик айтмоқда. Карл Фроч, бокснинг танқидчиси ва Пол ҳақидаги шубҳалари билан танилган экс-чемпион, шундай деб айтди:
«Менимча, бу режалаштирилган жанг бўлади ва у уч-тўрт раунд давом этади. Пол аниқ ғалаба қозонади. Тайсон яхши бошлаши мумкин, лекин кейин у қулайди, дейди Фроч.
Майк Тайсон ва Жек Полнинг гонорари
Рәсмий равишда, жанг ташкилотчилари Most Valuable Promotions компанияси томонидан, боксчилар учун 15 ноябрга белгиланган жангдаги гонорарни эълон қилмаган, лекин бу борада фақат Полнинг ўзи тасдиқлади. Бир пресс-конференцияда у 40 миллион доллар ишлаб топишини ва афсонани нокаут қилишига ишонганини айтди.
Пол учун катта даромадлар бу аллақачон одатий ҳолатга айланган. 2018 йилда, бокс карьерасидан олдин, Forbes унинг YouTube канали орқали олинган даромадини 20 миллион доллар деб баҳолаган эди. 2021 йилда эса, у Forbes рейтингида 45 миллион доллар билан иккинчи ўринни эгаллади, бу борада фақатгина MrBeastдан ортда эди. Бу 40 миллион долларнинг кўпини эса у бокс рингида ишлаб топган.
2022 йилда Жек Пол 37 миллион доллар даромади билан дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчиларидан бири бўлиб, 46-ўринни эгаллади.
2024 йилда Forbes инфлюенсерлар рейтингида Пол 13-ўринни эгаллаган ва унинг даромади 13,6 миллион долларга етган. Шунингдек, Полнинг YouTube ва боксдан ташқари, эркаклар учун парфюм ва гигиена воситаларини ишлаб чиқарувчи компанияси, букмекерлик дастури ва промоутерлик компанияси мавжуд. Майк Тайсоннинг эҳтимолий гонорари 20 миллион доллар атрофида баҳоланган. Бу суммани ESPN билан интервьюда жангнинг бошловчиси маълум қилган, аммо Тайсоннинг ўзи буни тасдиқламаган.
Шунингдек, боксчилар жангдан олинган 80 миллион доллар даромадни тенг тақсимлашлари эҳтимоли бор.
Тайсон, шу билан бирга, ушбу жангда гонорарнинг асосий масала эмаслигини айтиб ўтди, чунки у ўзининг каннабис маҳсулотларини ишлаб чиқариш фермерлиги орқали мунтазам даромад қилади. 2023 йилда Forbes унинг фермерлигидан олинган даромадни 150 миллион доллар деб баҳолаган.
Ҳабиб Жўрабоев таржимаси
Фикрлар