04 авг 15:18
Янгиликлар
Токио-2020. Баҳодир Жалолов финалга чиқди, икки эркин курашчимизда бронзага имконият бор
Кун давомида Олимпиадада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокларига оид маълумотларни ушбу саҳифада онлайн равишда кузатиб бориш мумкин бўлди.
Енгил атлетика: Екатерина Воронина (кўпкураш) - иккита чиқишдан сўнг сўнгги ўринларда кетмоқда
Каноэда эшкак эшиш: Нилуфар Зокирова (ярим финалга чиқа олмади)
Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова (ярим финалга чиқа олмади)
Эркин кураш: Жавраил Шапиев (биринчи жангда мағлубият, эртага бронза учун имконият бор)
Эркин кураш: Ғуломжон Абдуллаев (иккинчи жангда мағлубият, эртага бронза учун имконият бор)
Бокс: Баҳодир Жалолов (ярим финалда ғалаба)
15:10. Еттикураш баҳсларида қатнашаётган Екатерина Воронина ядро улоқтириш баҳсларида ўз иштирокини бошлади.
14:49. Жавраил Шапиев ҳам бронза учун курашадиган бўлди. Унинг эронлик рақиби россиялик курашчини мағлубиятга учратди. Энди эртага Шапиев ҳам бронза учун ўтиш жангида гиламга чиқади.
14:36. Эркин кураш. Россиялик Завур Угуев ярим финалда эронлик рақибни мағлубиятга учратди ва финалга йўл олди. Энди Ғуломжон Абдуллаевда бронза учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Эртага Ғуломжонга ҳам мухлислик қиламиз.
11:39. Баҳодир Жалоловнинг финалдаги рақиби аниқ бўлди. Энди у финалда америкалик Ричард Торресга қарши рингга кўтарилади.
11:36. Бизда Баҳодирнинг жангидан қайноқ суратлар: Баҳодир Жалоловнинг ярим финалдаги ғалабали жангидан ФОТОГАЛЕРЕЯ
11:22. ҒАЛАБА! Баҳодир Олимпиада финалига йўл олди! Жанг учинчи раундда якунланди. Кларкнинг қошида жароҳат пайдо бўлди ва жанг тўхтатилди. Бу пайтга келиб Баҳодир рингда устунлик қилаётганди! ФИНАЛ!
11:18. Иккинчи раундда Баҳодир нокдаун ҳолатига тушди. Аммо раунддаги фаоллик эвазига ғалаба Жалолов томонда - 4:1!
11:14. Биринчи раунд Баҳодир фойдасига - 5:0!
11:09. Баҳодир ва унинг рақиби рингга чиқиб келмоқда.
10:55. Баҳодирнинг жангига оз вақт қолди.
9:43. Энди соат 11:00да Баҳодир Жалолов британиялик рақибга қарши рингга кўтарилади.
9:31. Афсуски эркин курашчимиз Ғуломжон Абдуллаев кучли спортчи Заур Угуевга имкониятни бой бериб қўйди. Энди спортчимизнинг тақдири россиялик спортчига боғлиқ бўлиб қолди.
9:21. Ғуломжон Абдуллаевнинг россиялик рақибга қарши чорак финал баҳси бошланди.
8:47. Ғуломжон Абдуллаев чорак финалда икки карра жаҳон чемпиони, россиялик Завур Угуевга қарши баҳс олиб боради. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан соат 9:00дан сўнг бошланади.
8:42. Шапиевнинг эронлик рақиби швейцариялик курашчини мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Энди Эрон вакили соат 14:15 дан кейин бўладиган ярим финалда ғалаба қозонса, Шапиевда бронза учун курашиш имкони пайдо бўлади.
8:39. Дилноза Раҳматова чорак финалда маррага учинчи бўлиб етиб келди ва афсуски ярим финалга йўл ололмади... Аввалига трансляцияда унинг иккинчи бўлиб кириб келгани ҳақида маълумот кўрсатилганди. Афсуски, фотофинишдан сўнг Дилноза учинчи бўлгани маълум бўлди. Агар иккинчи бўлганида у ярим финалда қатнашиш ҳуқуқига эга бўларди. Шу тариқа, ҳар икки каноэчимиз учун яккаликдаги иштирок якунланди. Энди қизларимиз жуфтлик баҳсларида медаллар учун курашишади.
8:34. Эшкак эшувчимиз Нилуфар Зокирова чорак финалда 8 нафар спортчи ичида 6-натижани кўрсатди ва яккаликдаги иштирокини якунлади.
8:27. Ғуломжон Абдуллаев хитойлик рақибга қарши баҳс олиб борди ва 10:2 ҳисобида ғалаба қозонди!
7:55. Бироздан сўнг яна бир эркин курашчимиз Ғуломжон Абдуллаев хитойлик Мингу Лиуга қарши баҳс олиб боради.
7:39. Воронина еттикураш баҳсларида баландликка сакраш баҳсларини 941 очко билан тугатди. У 1.77 метр баландликни забт эта олди.
7:33. Эркин курашчимиз Жавраил Шапиев илк босқичдаёқ эронлик кучли рақиб, Олимпиада чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони Ҳассан Язданичаратига 2:11 ҳисобида имкониятни бой берди. Афсус... Ўша гап. Агар эронлик спортчи финалгача етиб борса, Шапиевда бронза учун имконият юзага келади.
7:11. Бироздан сўнг эркин курашчимиз Жавраил Шапиев эронлик Ҳассан Язданичаратига қарши баҳс олиб боради.
7:07. Воронина еттикурашнинг баландликка сакраш баҳсларида чиқиш қилмоқда.
6:40. Каноэчиларимиз энди бугун Тошкент вақти билан соат 8:29 дан сўнг чорак финалда стартга чиқишади.
6:31. Каноэчиларимиз бироздан сўнг чорак финал баҳсларида қатнашишади. Чорак финалдаги яхши иштирок орқали улар медаль учун курашиш имкониятини сақлаб қолишлари мумкин бўлади.
6:28. Каноэчимиз Дилноза Раҳматова 200 метрга эшкак эшиш баҳсларида 6 нафар спортчи ичида 5-ўринни эгаллади. Энди у ҳам чорак финал баҳсларида қатнашади.
6:23. Енгил атлетикачимиз Екатерина Воронина Олимпиададаги иштирокини бошлади. У 100 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсларида 14.19 натижа қайд этди ва ўз шахсий рекордини янгилади. Еттикурашда қатнашаётган 24 нафар спортчи ичида бу 23-натижа. 24-ўринни эса маррага етиб кела олмаган кубалик спортчи банд этган. Бироздан сўнг у баландликка сакраш баҳсларида ўз иштирокини бошлайди.
6:07. Нилуфар Зокирова 200 метрга эшкак эшиш баҳсларида 7 нафар спортчи ичида 6-бўлиб маррага етиб келди. Энди у чорак финалда иштирок этади.
6:03. Каноэчимиз Нилуфар Зокирова стартга тайёрланмоқда.
6:00. Ассалому алайкум ҳурматли спорт ишқибозлари. Ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокига оид онлайн матнли трансляциямизни бошлаймиз.
4 август куни Олимпиадада қатнашадиган ўзбекистонлик спортчилар:
5:35 - Енгил атлетика: Екатерина Воронина (кўпкураш)
6:05 - Каноэда эшкак эшиш: Нилуфар Зокирова
6:26 - Каноэда эшкак эшиш: Дилноза Раҳматова
7:30 - Эркин кураш: Жавраил Шапиев
7:55 - Эркин кураш: Ғуломжон Абдуллаев
11:00 - Бокс: Баҳодир Жалолов
Соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган
Постер муаллифи: Мухтасар Умарова
Фикрлар